ЎзА Ўзбек

25.05.2018 16:46 Чоп этиш версияси

Энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини оширишда илғор технологиялар аҳамияти

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича муҳим устувор вазифалар белгиланган. Мазкур талаблардан келиб чиқиб, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, ишлаб чиқаришнинг энергия сиғимини қисқартириш, миллий илмий-техникавий ишланмалар ва халқаро энергия тежамкор илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Пойтахтимиздаги «Wyndham» меҳмонхонасида ўтказилган бизнес-семинар ҳам айнан шу ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги инновацион технологиялар масалаларига бағишланди.

Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Россия, Германия, Туркия, Украина, Латвия давлатларининг инновацион технологиялар билан шуғулланадиган етакчи компаниялари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ва бошқалар мамлакатимизда энергетика ресурсларидан тежамли ва самарали фойдаланишда миллий илмий-техникавий ишланмалар ва халқаро илғор технологияларни амалиётда қўллаш ҳамда хорижий компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Қизиқарли ва янгиликларга бой бўлган бизнес-семинар маҳаллий ва хорижий компаниялар ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини боғлашга хизмат қилди, – деди «Комфорт-инжиниринг» масъулияти чекланган жамияти лойиҳа раҳбари Зуҳриддин Хонбоев. – Анжуманда чет эллик мутахассисларнинг энергетика, нефть-газ ва коммунал соҳаларда янги инновацион технологиялар бўйича тақдим қилган лойиҳалари мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида энергияни тежаш ва унинг самарадорлигини оширишда фойда беради. 

– Ўзбекистонда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди Украинанинг «СИЭСТЕЛ» МЧЖнинг ривожланиш бўйича директори Олег Рубан. – Бундай ўзгаришлар давлатлараро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлайди. Бугунги учрашувда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш учун зарур бўлган лойиҳалар ҳақида маълумотлар бердим. Бу эса ўзаро ҳамкорлик алоқаларини боғлашда дадил қадамдир.

Тадбир якунида энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлигини янада оширишда илғор технологик ва инновацион тажрибалар қўллаш масалалари бўйича қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
4 169