ЎзА Ўзбек

07.09.2019 Чоп этиш версияси

Энергия таъминотида ўғрилик, нореал қарздорлик қандай келиб чиқмоқда?

Энергия таъминотида ўғрилик, нореал қарздорлик қандай келиб чиқмоқда?

Энергия ресурсларидан тўғри, тежамкор фойдаланишда кўп ҳолларда истеъмолчиларда тўлов маданияти етишмаслиги, ўғрилик, турли қинғирлар тўсиқ бўлмоқда.

Шу каби иллатлар туфайли таъминотчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётгани билан истеъмолчига етказиб берилаётган энергия миқдорида тафовутлар юзага келмоқда. Бу эса дебитор қарздорликни суньий ошиб кетишига олиб келмоқда.

Натижада бюро ва газ таъминоти мутасадди ходимлари томонидан ўтказилаётган мониторинг давомида истеъмолчига етказиб берилаётган ва истеъмол қилинган энергия миқдорида катта ҳажмда тафовут юзага келаётир.

Хусусан, Бюронинг Бахмал тумани бўлими томонидан ўтказилган мониторинг давомида ҳудудга газ узатиш тармоғи орқали қабул қилинган табиий газ ҳажми 210 минг куб метр бўлсада, ҳақиқатда электрон газ ҳисоблаш ускунасидан олинган маълумотларга кўра, тармоқ орқали қабул қилинган газ ҳажми 102,1 минг м3 ни ташкил этганлиги аниқланди. Етказиб берилган ва истеъмол қилинган табиий газ сарфи ўртасидаги тафовут 107,9 минг куб метрни ёки 52,6 фоизни ташкил этаётир.

Ҳудди шундай аниқланган тафовут Зомин туманида 75 куб метрни ёки 25,8 фоизни, Янгиобод туманида 235 куб метрни м3 ёки 35,4 фоизни ташкил этди.

Эскирган электр узатиш тармоқлари, трансформатор подстанциялари ва пунктлари, газ қувурлари ҳамда тегишли инфратузилмани янгилаш суръатларининг сустлиги — технологик йўқотишларнинг кўпайишига ва энергия ресурсларининг, айниқса, жойларда, сурункали узилишлар билан етказиб берилишига, оқибатда истеъмолчиларда нореал қарздорликларнинг вужудга келишишига сабаб бўлмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳада йўл қўйилаётган нуқсонларнинг олдини олишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу қарор асосида энергия таъминоти соҳасини модернизация қилиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, истеъмолчи маданиятини оширишда Мажбурий ижро бюроси ходимлари янада фаол иштирок этмоқда.

Алижон ҚИЛИЧЕВ,
Мажбурий ижро Бюроси
Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғининг
биринчи ўринбосари.

2 594
ЎзА