ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Энергетика вазири ўринбосари истеъмолчи саволига жавоб беради

Энергетика вазири ўринбосари истеъмолчи саволига жавоб беради

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев истеъмолчи саволига жавоб беради.

САВОЛ: — Нима сабабдан квартираларга электр энергиясини узатишда узилишлар кузатилмоқда ва энергия таъминотини барқарорлаштириш учун қандай ишлар қилинмоқда?

ЖАВОБ: — Аксарият ҳолларда бутун мамлакатда кузатиладиган электр энергиясидаги узилишлар энергия истеъмоли ҳажмининг ўсишига боғлиқ. Кўп квартирали уй-жойларнинг асосий қисми собиқ совет иттифоқи даврида қурилган. Ўша пайтда қўлланилган 0,4 киловольтли электр таъминоти тармоғи қурилган уй-жой фондини тезкорлик билан электр билан таъминлашга мўлжалланган бўлиб, бугунги кундаги юкламаларни кўтара олмайди. Бундан ташқари, ҳар бир хонадонда телевизор, совутгич, чангютгич, кир ювиш машиналари, компьютер, кондиционер ва вентиляторлар бор.

Кўп уйларда фойдаланиладиган проводка ва трансформаторлар ҳам энергия истеъмолининг бундай катта ҳажмига мўлжалланмаган. Шу тарзда энергия таъминотини барқарорлаштириш муаммоси фақат Энергетика вазирлигига боғлиқ эмас. Бунда кўп ишлар коммунал хизмат ходимлари масъулиятига киради. Уйларнинг шахталарида бутун проводкани янгилаш зарур.

Шу тарзда, электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб беришни кўпайтирилса ҳам, амалиёт шуни кўрсатадики, мавжуд энергияни узатиш тармоқлари ортиқча юкламага жавоб бериб, узилиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Кейинги йилларда вазият оммавий равишда янги уй-жойлар қурилаётгани туфайли янада мураккаблашиб кетди. Бу жараёнда Қурилиш вазирлиги билан ҳам ҳамкорликда муаммонинг ечимини излаш мақсадга мувофиқдир.

Янги қурилаётган уй-жойлар эски трансформаторга уланмаслиги керак. Аммо қурилиш компаниялари қозонхоналар учун жой етишмаслигини баҳона қилиб янги трансформаторларни ўрнатмайди. Бу муаммонинг ечими бор – янги уйлар подвалларига “қуруқ” трансформаторларни ўрнатиш керак. Албатта, бунга маблағ зарур , аммо бу мавжуд юкламаларни орттирмаслик учун ушбу масалани ҳал этиш лозим. Шу билан бирга, бу трансформаторлар экологик соф ва тежамкор ҳисобланади, турли мамлакатларда олиб борилаётган қурилишларда кенг қўлланилади.

Бундан ташқари, пойтахтимизда оммавий равишда 14-16 қаватли монолит уйлар қурилмоқда. Қурилиш меъёрларига кўра, бундай уйларга газ ўтказиш мумкин эмас. Ушбу уй-жой комплекслари хусусий қозонлар ҳисобига иситилади, аммо улар ҳам электр тизимига уланиб, тармоққа юкламани орттириб юборади. Шу сабабли, Қурилиш вазирлиги ушбу масалани ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун қурилиш компаниялари зиммасига бир жойда бир нечта кўп квартирали уйлар ёки 48 квартирадан ортиқ битта уй қурилганда когенерацион турдаги кичик қозонхоналар қўйиш мажбуриятини юклаш зарур. Улар нафақат иссиқлик бера олади, балки аҳоли эҳтиёжлари учун электр энергияни ҳам ишлаб чиқариши мумкин.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг 90 фоизи табиий газ ҳисобидан ишловчи иссиқлик электр станциялари томонидан етказиб берилмоқда. Табиий газни сарфлаш эвазига электр энергияни сарфлаб, хонадонларни иситиш жуда хавфли ва нотўғри.

Энергия хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳозирги пайтда Энергетика вазирлиги томонидан янги подстанцияларни қуриш дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурни молиялашнинг иккита йўли бор. Бу – кредитлардан фойдаланиш ва узоқ вақт давомида уларни тўлаб бориш керак бўлади (тахминан 25 йил), ёки 3-4 йил давомида тарифларни ошириш ҳисобидан дастурни амалга ошириш мумкин. Бунда тарифлар секин ва унча катта бўлмаган ҳажмда ўсиб боради, электр энергиянинг барқарорлиги учун ҳисса қўшиш имконияти пайдо бўлади.

Бу ўринда давлат хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар янгилик киритиши лозим. Инвесторлар ўртасидаги рақобат харажатларни мақбуллаштиришнинг янги йўлларини яратади ва бу тарифларни оширмасдан бундай лойиҳани амалга ошириш имконини беради.

Ушбу ишлар Энергетика вазирлиги томонидан мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг бир қисми, холос.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентда ҳудудларга нисбатан энергия таъминотидаги узилишлар кам учрайди. Бунинг сабаби шундаки, шаҳар аҳолиси томонидан электр энергияси истеъмоли ҳаддан зиёд ошиб кетган ва ҳозирги пайтда ишлаб чиқаришларни мўлжаллаб яратилган подстанциялар ҳам аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Ушбу қатъий чорасиз, шунингдек, фаолият кўрсатаётган қувватларни доимий модернизация қилмасдан туриб, Тошкентда энергия таъминотини барқарорлаштиришга эришиш мушкул. Зеро, ҳозирги пайтда пойтахтда электр энергияси истеъмолининг юқори нуқтаси 1200 МВт ни ташкил этади.

733
ЎзА