ЎзА Ўзбек

01.02.2020 Чоп этиш версияси

Энергетика вазири ёшлар таклифини қўллаб-қувватлади

Энергетика вазири ёшлар таклифини қўллаб-қувватлади
Кадрлар салоҳиятини ошириш, ёшларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг янги ғоя ва иқтидорини қўллаб-қувватлаш айни кун талаблари билан ҳамоҳангдир. 

Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Энергетика вазири Алишер Султоновнинг талабалар, ёш мутахассислар билан учрашуви шундай эзгу мақсадларга қаратилди. 

Унда Энергетика ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вазирлик тизими таркибидаги барча ташкилот раҳбарияти, филиал ўқитувчилари ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
photo_2020-02-01_13-12-12.jpg

Бугунги ислоҳотлар жараёнида ёшларнинг алоҳида ўрни бор. Ўзбекистон энергетика соҳасида олиб бораётган ўзгаришлар ва янгиликлари билан Марказий Осиё минтақасида етакчига айланмоқда. Демак, соҳадаги бундай ислоҳотларда ёшларнинг ғояларини, уларнинг амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш муҳим аҳамиятга эга. 

photo5307614335952072359.jpg

- Бугун сиз азиз ёшлар билан учрашиш мен учун катта шараф, – деди вазир Алишер Султонов. – Албатта сизларнинг фикрингиз, ўқишда эришаётган ютуқларингизни юзма-юз туриб эшитиш бизни ягона мақсадларда бирлаштиради. Бугун нефть-газ соҳасида қатор ишлар қилинмоқда. “Ўзбекнефтгаз“ АЖ ҳам ўзининг синов босқичларидан ўтди. Бугун у уч тизимга бўлинган тарзда фаолияти кўрсатмоқда. Бизнинг асосий мақсад соҳадаги ҳар бир ишимизда ёшларимиз фаоллигини кўриш. Бунинг учун сизлардан яхши ўқиш ва янги ғоялар устида тадқиқотлар олиб бориш талаб этилади. Биз, яъни вазирлик сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз. 

Учрашувда Алишер Султонов филиал талабаларининг ўқув жараёнида эришаётган ютуқлари ва уларнинг таклифлари билан қизиқди. 

photo5307614335952072385.jpg

– Бугунги учрашув биз учун жуда фойдали бўлди, – деди вазирлик тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари“ АЖнинг ходими Фахриддин Нуралиев. — Унда ўзимнинг ўрта-махсус маълумотга эга бўлган кадрларни ўқитиш, тизимдаги ёшларни уй-жой билан таъминлаш ва ёш энергетиклар форумини ташкил этиш бўйича таклифларим билан чиқдим. Вазир бу таклифларимни қўллаб-қувватлади ва ҳар бир масалада ишлар тизимли ташкил этилишини билдирди. 

photo5307614335952072389.jpg

Маълумот ўрнида, бугунги кунда Энергетика вазирлиги тизимида жами 121 минг 600 нафар мутахассис ва ходимлар меҳнат қилади. Уларнинг 21 минг 761 нафари (17,8%) 30 ёшгача бўлган ёш мутахассислар, улардан 444 нафари турли даражадаги менежердир. Ёш мутахассисларнинг (21761) 3 минг 113 нафари (14,3%) қизлар, шундан 26 нафари менежер, шу жумладан, 2 нафари биринчи ўринбосар ва 8 нафар бўлим бошлиғи.

photo5307588394349603743.jpg

4 702
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА