ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Эндиликда битта диссертация икки киши томонидан тайёрланиши мумкин

Эндиликда битта диссертация икки киши томонидан тайёрланиши мумкин

Президентимиз 2019 йил 24 май куни Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосидаги диссертация ҳимояси амалиётини жорий қилиш хусусида фикр билдирганди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 10 февралда “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор чиқарди.

Ушбу қарорга биноан 2020 йилнинг 1 мартидан Ўзбекистон Миллий университети базасида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва илмий даражаларни талабгорларга мустақил бериш амалиёти тажриба тариқасида уч йил муддатга жорий этилади.

photo5348466759201566002.jpg

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда изланувчилик, тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий ишни ҳимоя қилишда қулайликлар яратиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида тайёрланган диссертация – ўрнатилган тартибда мавзуси тасдиқланиб, назарий тадқиқотлар ва илмий натижаларни амалиётга жорий қилиш жараёни икки нафар изланувчи томонидан ҳамкорликда ташкил этилган, тадқиқотнинг мазмун-моҳияти белгиланган талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида назарий илмий янгиликлари тизимли равишда асосланган (фан доктори (DSc) учун) ва инновацион илмий янгиликлари амалиётга мақсадли жорий этилган (фалсафа доктори (PhD) учун) қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар ҳисобланади.

Бу тизим асосида диссертация тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш ва талабгорларни тегишли равишда фан доктори (DSc), фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқлаш олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва уларни аттестациядан ўтказишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

photo5348466759201566003.jpg

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларга риоя қилган ҳолда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида диссертация ҳимоясини ташкил қилиш муайян фан тармоғи бўйича битта диссертация икки нафар, жумладан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга талабгор ва илмий даражага эга бўлмаган шахс томонидан тайёрланиши мумкин.

Шунингдек, тадқиқотнинг илмий натижалари бўйича ихтиро ёки селекция ютуқларига патентлар олиниб, уларнинг амалиётга жорий этилиши ва салмоқли самара олинган бўлиши кераклиги белгиланган. Илмий натижалар амалиётга жорий қилинган ташкилот томонидан фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига талабгорнинг илмий натижаларни амалиётга жорий этишдаги алоҳида хизматлари ва жорий этишдан олинган (кутилаётган) салмоқли самараси юзасидан асосли хулоса (далолатнома) берилиши керак бўлади.

Анжуманда айтилишича, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун талабгор ўз илмий фаолиятини мустақил изланувчилик институти асосида олиб боради. Илмий кенгаш илмий даражаларни бериш (бермаслик) тўғрисида ягона қарор қабул қилади ва бу қарор ҳар икки талабгорга нисбатан тенг қўлланади.

Анжуманда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими инновацион хусусиятга эга тадқиқотларни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, илмий натижаларни амалиётга тезкор жорий этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилди. Шу билан бирга, илмий даражаларни бериш ваколатини босқичма-босқич равишда илмий кенгашларга ўтказишнинг фундаментал асосини яратиш, иқтидорли ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишини ошириш, қолаверса, жамиятда илмий фаолият нуфузини янада кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

photo5348466759201566004.jpg

12 934
Барно МЕЛИҚУЛОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА