Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.06.2018 16:01 Чоп этиш версияси

Энди жисмоний шахслар ҳам металл парчаларини эркин нархларда топшириши мумкин

Энди жисмоний шахслар ҳам металл парчаларини эркин нархларда топшириши мумкин
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш-техника буюмлари парчалари ва рангли металлар чиқиндиларининг ўғирланиши ҳамда ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олдини олишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Рангли ва қора металлар парчалари, чиқиндилари билан ишлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 6 июндаги 425-сонли қарори муҳим янгилик бўлди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизматининг маълумот беришича, эндиликда жисмоний шахслар ҳам металл парчаларини эркин нархларда “Ўзметкомбинат” ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” акционерлик жамиятларига топширишлари мумкин.

Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан рангли ва қора металлнинг нафақат парчалари ва чиқиндиларини, балки таркибида рангли металлар бўлган тайёр маҳсулотларни республикамиздан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Яқинда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона конунчилиги бузилишига карши курашиш бўлими ва “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда рангли металлдан ишланган симларнинг мамлакатимиздан олиб чиқиб кетилиши олди олинди.

“Тошкент-Уфа” йўналиши бўйича ҳарақатланаётган йўловчи ташиш поезди божхона кўригидан ўтказилганда, йўловчилардан бири божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилмасдан туриб, 470 килограмм оғирликдаги 13 ўрамда никелли симларни олиб чиқмоқчи бўлганлиги аниқланди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхоначилар томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида 51 ҳолатда 50 тоннага яқин рангли ва қора металларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади. Мурожаатлар анонимлиги кафолатланади.

ЎзА
3 172