ЎзА Ўзбек

05.11.2018 10:46 Чоп этиш версияси

Энди никоҳ шартномасини нотариал тасдиқлашда давлат божи ундирилмайди

Энди никоҳ шартномасини нотариал тасдиқлашда давлат божи ундирилмайди

Ўзбекистонда давлат божи ставкалари ўзгартирилди.

Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали Ҳукумат қарори билан Давлат божи ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганини маълум қилди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, эндиликда фуқаролик ишлари бўйича судларда оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек, туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризаларни кўрганлик учун давлат божи ундирилмайди.

Нотариуслар томонидан мол-мулкни ижарага бериш билан боғлиқ шартномалар тасдиқланганида қайси ҳолатларда давлат божи ундирилишига аниқлик киритилди, яъни давлат божи мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун ундирилади.

Шунингдек, ушбу шартнома тарафларининг бири юридик шахс бўлганида давлат божи энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ундирилади. Илгари бу ҳолатга аниқлик киритилмаган эди.

Бундан ташқари, мол-мулкни ижарага бериш шартномасини бекор қилганлик ва қарз шартномаларига ўзгартиришлар киритганлик ёки уни бекор қилганлик учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизини ташкил этади.

Киритилган яна бир қўшимчага кўра, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг биноларида сайёр қабуллар чоғида амалга оширилганида давлат божи ўз миқдорида ундирилади.

Шунингдек, қарор билан никоҳ шартномасини ва алимент тўлаш ҳақида келишувни нотариал тасдиқлаш, уларга ўзгартиришлар киритиш ёки бекор қилишда давлат божи ундирилмаслиги белгиланди.​​

ЎзА
5 019