Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.05.2017 19:53 Чоп этиш версияси

Нукусда бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспортлари топширилди

Нукусда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бир гуруҳ шахсларга фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.

Тадбирда мамлакатда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий манфаатлари қонун билан кафолатлаб қўйилгани, ҳар бир фуқарога бериладиган паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулки бўлиб, унинг эгаси давлат муҳофазасида экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бахтига муяссар бўлганлар орасида Назира Раҳмонова ҳам бор. У 1957 йили Тўрткўл шаҳрида туғилган, тақдир тақозоси билан қўшни Туркманистон Республикасининг Тошҳовуз шаҳрига келин бўлиб тушган.

– Оила аъзоларим билан 1995 йили ўзим туғилиб ўсган Тўрткўлга кўчиб келдик, – дейди Н.Раҳмонова. – Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ турмуш ўртоғим билан иккимизга Ўзбекистон паспорти берилди. Фармон эълон қилингандан буён ўтган бир ойдирки, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб ҳис этаман. Аслида ҳам шундай-да. Ахир, энди менинг паспортим бор – Ўзбекистонимизнинг тенг ҳуқуқли фуқаросиман!

– Мен Туркманистон Республикасининг Кўҳна Урганч шаҳрида туғилганман, – дейди Ҳайтмурат Авезбоев. – Институтни тугатгач, тақсимотга кўра уч йил ишлаб бериш шарти билан 1989 йили Қозоғистонга ишга юборилдим. Мажбуриятимни бажариб бўлгач, 1993 йили оиламиз билан Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманига кўчиб келдик. Бизга 1999 йили фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси берилди. Мана бугун турмуш ўртоғим билан бирга тўлақонли фуқаро бўлганимизни тасдиқловчи Ўзбекистон Республикаси паспортига эга бўлдик. Энди биз ҳам сайловларда қатнашамиз, бемалол хорижга чиқишимиз мумкин. Туркманистондаги қариндошлар билан борди-келди қила оламиз. Ҳар бир фуқаро тақдири учун қайғураётган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ.Сариев сўзга чиқди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА
2 590






Все о погоде - Pogoda.uz