Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.01.2018 09:21 Чоп этиш версияси

Энди Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадонда чироқ ўчмайди

Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида умумий қуввати 32 мегаватт бўлган “Турон” подстанцияси ва 28 километр узунликда 2 занжирли 110 кВт.ли ҳаво линияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Косон туманидаги Раим Сўфи, Ёдгор, Алатўн, Хўжақудуқ, Алачабоп, Бўрихона, Яккасарой, Ўйрот, Карракли қишлоқлари вилоятнинг чекка чўл ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳисобланади. Ушбу қишлоқлар аҳолиси узоқ йиллардан буён электр токи етишмаслигидан қийналиб келарди. Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 1975 йилда қурилган подстанция жисмонан ва маънан эскирган ва ўтган йиллар мобайнида қишлоқлар кенгайиб, аҳоли сони ортгани ҳисобига мавжуд эҳтиёжни умуман қондира олмаётган эди.

Умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёдни ташкил этган мазкур лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадон, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли нефть қудуқлари ҳамда ҳудуддаги 100 дан ортиқ бошқа юридик истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди.

– Бугун қишлоғимиз аҳлининг узоқ йиллик орзуси рўёбга чиқди, – дейди Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқар Ҳусанов. – Кунига атига 3-4 соат чироқ ёнар, баъзан шу ҳам бўлмасди. Чироқ ва шам излаб кунимиз ўтарди. Кечки пайтларда қишлоғимизга келиб қолсангиз, бу ерда ҳеч зоғ яшамаса керак, деб ўйлашингиз тайин эди. Мана энди, бутунлай тескариси. Қишлоғимизда ҳаёт қайнаган. Кечалари кўчалар ёруғ, чароғон. Тадбиркорлик қилишга ҳам имконият яратилди. Президентимизга раҳмат, мурожаатларимизни эътиборсиз қолдирмади. Подстанция қурилишини тезлаштириб юборди. Сал кам бир ярим ой илгари янги подстанция қурилиши бошланибди, йил охирига қадар битар экан, дейишганда, очиғи, ишонмаган эдим. Ниятни эзгу қилсанг ҳеч гап эмас экан. Бир пасда қуриб битиришди. Энди янги йилни оиламиз билан хурсандчиликда кутиб оламиз.


Ўлмас Баротов, ЎзА
9 860