ЎзА Ўзбек

27.07.2018 18:58 Чоп этиш версияси

Энди кинотеатрларда фильмлар намойиши учун махсус гувоҳнома талаб қилинади

Энди кинотеатрларда фильмлар намойиши учун махсус гувоҳнома талаб қилинади
Адлия вазирлиги томонидан ҳар ҳафтанинг жума кунлари ташкиллаштириб келинаётган ҳафта давомида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақидаги анъанавий “Адлия ахбороти” брифинги бу сафар кино мавзусига бағишланди. 

Брифингдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида куни кеча қабул қилинган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори муҳокама қилинди. Журналистларнинг саволларига “Ўзбеккино” Миллий агентилиги раиси Фурқат Зокиров, Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Ойбек Абдушукуров ҳамда "Республика кинопрокат маркази" ДУК директори Маъруфжон Мухторов жавоб берди.

Маълум қилинишича, эндиликда барча кинотеатрларда маҳаллий кинофильмларни мажбурий равишда намойиш қилиш квотаси ўрнатилади. 2019 йил 1 январдан бошлаб суткада камида иккита тўлиқ метражли фильм, 2021 йил 1 январдан эса ойлик экран вақтининг камида 25 фоизи, байрам кунлари 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда миллий фильмлар кинотеатрларда намойиш этилиши лозим.

Шунингдек, кинотеатрлар экранларига чиқишдан аввал ҳар бир фильм махсус кўрикдан ўтиши ва гувоҳнома олиши керак. Гувоҳномасиз фильмлар намойиш этилмайди.

“Ўзбеккино” МА раиси Фурқат Зокировнинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган умумий қиймати 160 миллион АҚШ долларига тенг “Уч шаҳар”, “101” ва “Қаҳрамонлар” лойиҳалари инвесторларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, “Адлия ахбороти” брифинги “Таррақиёт стратегияси” маркази биносида ташкил этилади.

ЎзА
6 737