Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.06.2018 10:31 Чоп этиш версияси

Энди баҳоловчилар иккинчи, биринчи ва олий тоифалиларга ажратилади

Энди баҳоловчилар иккинчи, биринчи ва олий тоифалиларга ажратилади
Баҳоловчи ташкилотнинг раҳбари фақат биринчи ёки олий тоифадаги баҳоловчи бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июнда “Баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда баҳолаш хизматлари бозорида малака сертификатига эга мингга яқин баҳоловчилар меҳнат қилувчи икки юздан ортиқ баҳоловчи ташкилотлар фаолият юритмоқда. Баҳолаш фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилган, баҳолаш хизматлари бозорини ривожлантириш, амалга ошириладиган баҳолаш ишларининг натижалари ва холислиги учун жавобгарликни ошириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинган бўлса-да, соҳада бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Бу эса профессионал баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантиришга ҳамда баҳоловчи ташкилотларга бўлган ишончни оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Президентнинг мазкур қарор мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга хизмат қилади. Хусусан, қарорга мувофиқ:

• баҳолаш фаолиятини лицензиялаш ва баҳолаш ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдорига бўлган талаб бекор қилинди;

• баҳоловчи ташкилотлар Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Аккредитация марказида аккредитация қилинади.

Давлат рақобат қўмитасининг:

• баҳоловчининг малака сертификатини бериш функцияси Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказига ўтказилди;

• мулкни баҳолашнинг янги стандартларини тасдиқлаш, шунингдек, амалдаги мулкни баҳолаш стандартларига ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб топиш функцияси –Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига ўтказилди.

2018 йил 1 июлдан бошлаб Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказида баҳоловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича курслар ташкил этилади.

Баҳоловчилар эндиликда иккинчи, биринчи ва олий тоифали баҳоловчиларга ажратилади.

2019 йил 1 январдан:

баҳоловчи ташкилотларга илгари берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати тугатилади;

баҳоловчи ташкилотнинг раҳбари фақат биринчи ёки олий тоифадаги баҳоловчи бўлиши мумкин.

ЎзА
4 675