ЎзА Ўзбек

25.11.2019 Чоп этиш версияси

Энди ҳар бир йўловчи ўзи юрган масофа учун алоҳида йўлкира тўлаши мумкин

Энди ҳар бир йўловчи ўзи юрган масофа учун алоҳида йўлкира тўлаши мумкин

Кун совиган сари пойтахт кўчаларида такси нархи ошиб боради. Шаҳар жамоат транспортига чиқишни имкони камайган сари, бу ҳолат кучайиб бораверади. Баъзи бекатларда тирбандлик шу қадар кучайиб кетдики, автобусда “ оёқ қўйиш”га жой топмайсиз.

Нима қилмоқ керак? саволига жавоб излаган соҳа вакиллари йўловчиларни ташишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали хизматлар сифатини яхшилаш, йўлкира ҳақини йиғишда шаффофликни таъминлаш, жамоат транспортда йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида 2020 йилдан умумий фойдаланиладиган транспортда йўловчи ташиш учун йўл ҳақи тўловларини амалга оширишнинг aвтоматлашган тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда.

Бу ҳақда Транспорт вазирлиги вакиллари матбуот анжуманида маълум қилди.

– Айни вақтда жамоат транспорти йўл ҳақи тўловлари нақд, ойлик йўл карточкалари, имтиёзли тарифлар ва бепул юриш ҳуқуқига эгаларга хизмат кўрсатмоқда, – дейди Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Муроджон Абидов. – Бунда биз ташилган йўловчилар умумий сонини, имтиёзли тарифлар ва бепул фойдаланганлар, нақд ва жетон орқали тўловни амалга оширган йўловчилар сонини била олмаяпмиз.

Ана шу ҳолатни билиш ва йўловчилар оқимини бошқариш учун 2020 йилдан янги тизимда ишлаймиз. Бунда жамоат транспорти учун ягона транспорт карталари, тўловни амалга ошириш имконини берадиган мобил илова ҳамда бир марталик QR чипталар жорий этилади. Мазкур карталарни савдо нуқталари, агентлик тармоқлари, метрополитен, автовокзал, темир йўл кассалари ва аэропортлардан сотиб олиш мумкин бўлади.

Бу транспорт карталарининг ўзининг нархи 8-9 минг сўм атрофида бўлиб, у узоқ муддат ишлатишга мўлжалланган. Ҳар ойда керакли миқдорда маблағни банк пластик карталари, банкоматлар, киосклар, тўлдириш терминаллари ҳамда мобил иловалар орқали амалга ошириш мумкин. Бунда жамоат транспорти хизматидан имтиёзли асосда фойдаланиш ҳуқуқига эга алоҳида фуқаролар транспорт карталарини давлат хизматлари марказлари орқали олишлари мумкин.

Хўп, энди йўлкира нархлари қанча бўлади, унда ўзгаришлар кутиладими? Бу саволга соҳа вакиллари ҳолат ижобий тарафга ўзгаришини айтишмоқда.

– Бу тизимда битта тўлов билан бир нечта транспорт ёки транспорт туридан фойдаланиш мумкин бўлади, – дейди М. Абидов. – Яъни бир марта 1400 сўм тўлаб автобус+метрода юриш мумкин. Бунда вақт ҳамда масофадан келиб чиққан ҳолда белгиланадиган қулай тариф режалари жорий этилади. Йўловчи белгиланган вақт ичида манзилга етиб боргунча бир нечта транспортдан фойдаланиш учун ўзига қулай тариф режаларини, мисол учун мобиль алоқадаги тарифлар каби ўзига қулай бўлган хизматни танлаб олиши мумкин бўлади.

Матбуот анжуманида Жамоат транспортида йўловчи ташиш учун йўлкира ҳақини тўлашнинг aвтоматлаштирилган тизимини жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилиши қайд этилди. Мисол учун, Тошкент шаҳрида “Тошшаҳартрансхизмат” ва “Тошкент метрополитени”нинг айрим йўналишларида кўрсатилган йўловчи ташиш хизматлари учун – 2020 йил 1 январдан бошлаб режа асосида бошланади. Нукус шаҳри ва вилоят марказларида йўловчи ташиш хизматлари учун 1 августдан жорий этиш режалаштирилган.

Бошқа вилоятларда эса 2021 йил 1 январдан бу тизим жорий этилар экан.

10 782
Сайёра ШОЕВА, ЎзА