ЎзА Ўзбек

28.10.2019 Чоп этиш версияси

Эмлаш сабабли ҳар йили 3 миллион боланинг ҳаёти сақлаб қолинади

Эмлаш сабабли ҳар йили 3 миллион боланинг ҳаёти сақлаб қолинади

Долзарб мавзу

Ўзбекистонда аҳоли, жумладан, болалар соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида давлат томонидан бепул вакциналар ажратилади. Бу борада барча хавфсизлик чоралари кўрилган, кафолатлари берилган бўлса-да, лекин кимлардир фарзандларини эмлатмайди, бундан бош тортади. Нега? Аҳолининг ишончсизлиги нимадан? Ёки уларнинг шубҳаланишига асос борми?

ЎзА мухбирининг шу каби саволларига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилором ТУРСУНОВА жавоб берди.

– Маълумки, иммунизацияга қарши бўлганлар ҳам бор. Бу қай даражада тўғри?

– Ота-оналар вакцина касалликнинг олдини олишини билишади холос, аммо унинг бошқа афзалликларидан хабардор эмас. Ҳатто сўровнома ўтказилганида бу ҳақда билмаслигини айтганлар ҳам бор. Поливакцина ҳақида аҳолининг хабардорлиги анча паст.

Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатаяптики, ўнтадан тўққизта одам фарзандларини қўшимча эмлаш нияти борлигини билдирган. Иммунизацияга қарши бўлганлар 8 фоизни ташкил этмоқда.

Хўш, эътиборни кимга қаратиш керак, деган савол туғилиши табиий. Бу жараёнда бола парвариши билан банд бўлган ҳаммага, қишлоқ жойларда яшаётган болаларга ва иммунизацияга қарши бўлганларга эътибор қаратишимиз керак. Бизни бир нарса қувонтиради. Деярли барча ҳудудларда аҳолининг ярмидан кўпроғи пневмококка қарши эмлаш пневмониянинг олдини олиши мумкинлигини билади.

Вакциналар болаларда учрайдиган касалликларнинг олдини олиш ва камайтириш учун жуда муҳимдир. Вакциналар ҳаётни сақлаб қолиши ва касалликларга қарши курашиши ҳақидаги аниқ далилларнинг мавжудлигига қарамасдан, афсуски, баъзи болалар қамровдан четда қолаяпти. Бу эса уларни хавфга қўймоқда. Ҳатто баъзиларининг ҳаётини сақлаш мумкин бўлса-да, буни қила олмаяпмиз. Ҳаётни асрайдиган, саломатликни мустаҳкамлайдиган вакциналар мавжуд бўлган бир вақтда бундай ҳолатга йўл қўйиш мумкин эмас. Яна муҳим жиҳати, иммунизация тақвимига риоя қилишдир. Эмлаш кечиктирилса, фарзандлар касаллик олдида кучсизланишига сабаб бўлади.

Ота-оналар ва оила аъзоларининг вакцинадан қачон, қандай, қай ҳолатда фойдаланишини тушунтириш мақсадида уюштирилган суҳбатларда бугунги кунда вакциналар жуда кўплаб болаларни ҳимоя қилаётгани айтилади. Бироқ, маълумотларга кўра, ҳар бешта боладан биттаси тирик қолиш ва соғлом бўлиш учун зарур бўлган асосий вакциналарни олмайди.

Агар глобал иммунизация қамрови яхшиланса, 1,5 миллион одам ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Эмлаш сабабли ҳар йили 3 миллион боланинг ҳаёти сақлаб қолинади. Лекин эмлашдан ота-оналар ёки васийлик қилувчи фуқаролар билиб-билмай бош тортади.

– Бу келажакда қандай салбий оқибатларни бошлаб келади?

– Соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунларимизда бировнинг соғлиғига етказилган зарар учун ёки касаллик юқтирса, юқтириш хавфини юзага келтирса ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шу боис ҳам мажбурий бўлмаса-да, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида бола эмланганлиги учун ҳужжатни талаб қилиш ҳолатлари бўлган. Бу ён-атрофдагиларга, болаларга зиён бермаслик учун қилинган ишдир.

Шунинг учун жамоат жойлари, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида бу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Лекин аҳоли ўртасида эмлаш мажбурий эмас, деб ўзини, фарзандларини, ён атрофдаги болалар ҳаётини хавфга қўйиш яхши эмас. Бу тиббий билимнинг саёзлиги натижасидир. Юртимизда эмлаш мажбурий эмас. Лекин аҳолининг бу борадаги билимларини ошириш керак. Чунки бу ҳимоя воситаси эканини болага жавобгар инсонлар англаши шарт. Агар кимдир эмланмагани сабабли касалликка чалинса ва унинг юқишига сабабчи бўлса, уларга нисбатан чоралар кўриш масаласи қонун лойиҳасига киритилган. Бу масала ҳали муҳокама қилинаяпти.

– Вакциналар қай ҳолатда сақланади?

– Вакциналарни сақлаш тизими, айниқса, иммунопрофилактикада совуқлик занжири деган тизим бор. Бу нима? Вакцина ишлаб чиқарилган муассасадан то вакцинани қабул қилувчи шахсгача бўлган оралиқда совуқлик тартибига риоя этиш. Уни ташиш, сақлаш, ҳудудий бўлимларга етказишгача бўладиган бу жараёнга алоҳида эътибор қаратилиб, совуқлик занжири асосида ишланади. Биздаги электр энергияси узилишларини ҳисобга олиб, олаётган совутгичларимиз чироқ ўчганидан кейин ҳам 24 соат керакли ҳолатни таъминлаб туради. Ҳатто ўзига керакли энергияни сақлаб олади ва узилишлар жараёнида шуни сарфлайди. Бундан ташқари, бирламчи тиббиёт бўлимларида вакцина сақлаш учун генераторлар мавжуд. Ҳар бир вакцинада совуқлик тартиби бузилган ёки бузилмаганлигини кўрсатувчи индикаторлар ҳам бор. Бу индикаторларни мутахассислар кўриб, вакцинанинг сифати ўзгарган ёки ўзгармаганини аниқлайди. Агар совуқлик занжирига риоя этилмаган, ташиш тартиби бузилган бўлса, вакцина ишлатилишига йўл қўйилмайди.

Юртимизда вакцинадан кейинги жиддий асоратлар кузатилган эмас. Лекин эмлашдан кейинги кичик реакциялар ҳар бир организмнинг ташқаридан кираётган моддага нисбатан таъсирланиши билан боғлиқ. Бу жараёнда ҳам тиббиёт ходимлари томонидан тўлиқ тушунтиришлар берилади.

Мамлакатимизда миллий эмлаш тизими жорий этилган. Айни вақтда болаларимиз миллий календарь асосида 12 та эмлашни олади. Ота-оналар ва оила аъзоларининг вакцинадан қачон, қандай, қай ҳолатда фойдаланишини тушунтириш мақсадида турли ижтимоий роликлар яратилган ва ОАВ орқали намойиш этилмоқда. Шунингдек, қўлланмалар, брошюралар чоп этилиб, ҳудудий поликлиникаларга етказилмоқда.

– Миллий эмлаш турига қўшимча ОПВ киритилиши қандай ижобий самара беради?

– Жорий йилда миллий эмлаш календарига яна битта эмлаш тури киритилгани кўпчиликка маълум. Шу йилнинг октябрь ойи охиридан бошлаб қизларимизни одам папилломаси вирусига қарши эмлаш ишлари бошланди.

– Эмлашгача нима қилиш керак?

– Эмланаётган боланинг ҳарорати, кайфияти, уйқуси, иштаҳаси меъёрида бўлиши, турли шикоятлар бўлмаслиги шарт. Тана ҳароратининг баланд бўлиши бола организмида инфекция мавжудлигидан дарак, унинг иммунитети зўриқиш ҳолатида бўлиши мумкин. Бундай вазиятда боланинг эмланиши иммунитетнинг янада зўриқиши ва қўшимча касалликларга олиб келиши мумкин.

Фарзандингиз тиниқиб ухлаган, хотиржам бўлиши зарур. Баъзи вакциналарда боланинг қорни тўқ бўлгани маъқул. Чунки эмлашдан кейин қанчадир муддат овқатлантириш мумкин эмас. Турли касалликлар мавсумида эмланаётган болага алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бола эмланаётганда аллергия қўзғалмаган бўлиши лозим. Болада аллергия тез-тез қўзғаб турса, охирги қўзғалган вақтдан 3 ҳафта ўтказиб эмлатиш талаб этилади. Ҳатто боланинг ичи яхши келмаслиги, ич қотиши эмлашнинг оғир ўтишига сабаб бўлади.

– Бола эмлашдан осон ўтиши учун тинчлантирувчи дорилар бериш мумкинми?

– Шифокорнинг кўрсатмасисиз болага дори бериш мумкин эмас. Буни ҳамма ота-оналар билиб қўйса яхши бўларди. Кимнингдир гапига кириб, бундай чора кўриш тўғри ечим эмас. Болани турли дори-дармонлар билан эмлашга тайёрлаб бўлмайди. Кучли иссиқ, совуқ ёки эпидемия шароитида эмлашни қолдириш керак. Буни ҳам шифокор кўрсатмаси асосида амалга оширган маъқул.

Шифокордан ниманидир яшириш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бола ҳар қандай эмлашдан аввал шифокор кўригидан ўтказилади. Бу жуда муҳим жараён. Бола эмлангандан кейин унинг иммун тизимида ўзгаришлар бўла бошлайди. Боланинг кайфияти, танасида ўзгаришлар бўлиши мумкин. Кутиладиган ўзгаришларни аввалдан билиш турли хавотирларнинг олдини олади. Эмланган болани бир муддат кузатиб турган маъқул. Оғир касалликлардан ҳимоя қилувчи вакциналар болага ноқулайликлар туғдириши мумкин. Вакцина олган бола юқори ҳарорат ва оғриқ сабабли вақтинча қийналиши кузатилади. Бунда шифокор билан маслаҳатлашиб, ҳарорат туширувчи, оғриқ қолдирувчи дорилардан фойдаланиш мумкин бўлади.

– Қандай белгилар кузатилса ҳушёр бўлиш керак?

– Эмланган боланинг бир сутка ичида бир марта қайт қилиши нормал ҳолатдир. Агар бола бетобдек кўринса, бир суткадан ортиқ безовта бўлса, укол қилинган жойдаги қизариш кўпайиб борса, узоқ вақт давомида ҳарорати тушмаса, боланинг ахлати яшил рангда ёки қон аралаш келса, ич кетиши бир суткадан ортиқ тўхтамаса, кўрикка олиб чиқиш шарт.

Фарзандларимизнинг соғлом бўлишини хоҳлаймиз. Улар бизнинг келажагимиз, наслимиз давомчиларидир. Шу боис ҳам мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилаяпти, чоралар кўрилаяпти. Бу жараёнда ота-оналар ҳам шифокорларга яқиндан ёрдам бериши керак.


1 382
Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА