ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Элмира Боситхонова: “Зулфия мукофоти ҳаёт йўлингиздаги йўлчи юлдуз, лекин ҳаёт-мамот масаласи эмас“

Элмира Боситхонова: “Зулфия мукофоти ҳаёт йўлингиздаги йўлчи юлдуз, лекин ҳаёт-мамот масаласи эмас“

Зулфия номидаги Давлат мукофоти учун танловларни ўтказишда шаффофлик ва очиқлик принципига амал қилиняптими? Аксарият қизларнинг танловга қатнашишига қандай омиллар таъсир қилмоқда? Ҳудудлардан тавсия қилинадиган номзодлар ҳақидаги маълумотлар нега очиқ эмас? Яқин йилларгача ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари, жамоатчилик, журналист ҳамда блогерларда шу сингари ҳақли саволлар туғиларди.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги фармонига мувофиқ танлов низомига киритилган бир қатор янгиланиш ва ўзгартиришлар ушбу саволларга муносиб жавоб бўлди. Мукофот ҳар йили 1 нафардан жами 14 нафар қизга берилган бўлса, 2018 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилаларига иккитадан жами 28 нафар хотин-қизга бериладиган бўлди.

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида уюштирилган 2020 йилги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларини аниқлаш мақсадида ўтказилган танловлардан саралаб олиниб, республика босқичига тавсия этилган номзодлар иштирокидаги “Совриндор бўлишга тайёрмисиз?” номли форум ушбу ёндашувларнинг мантиқий давомидир.

Форумда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова “Зулфия мукофоти ҳаёт йўлингиздаги йўлчи юлдуз, лекин у ҳаёт-мамот масаласи эмас” мавзуида маъруза қилди. 2020 йилги совриндорларни аниқлаш мақсадида ўтказилган танловларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман-шаҳарлар ҳамда республика босқичи натижалари юзасидан маълумот тақдим этди. Унга кўра, танловнинг туман-шаҳар босқичларида 15 минг 737 нафар иқтидорли қиз иштирок этиб, уларнинг 1 минг 800 нафари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида қатнашиш имконини қўлга киритган. 300 нафардан ортиғи эса республика босқичига тавсия этилган.

Форумда журналист ва блогерлар, шунингдек, танловнинг республика босқичи қатнашчилари иштирок этиб, мутасаддилар ҳамда комиссия аъзоларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

5 247
Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА