ЎзА Ўзбек

03.07.2020 Чоп этиш версияси

Элмира Боситхонова: Ободлик хонадондан бошланади

Элмира Боситхонова: Ободлик хонадондан бошланади

Бухорода "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!" шиори остида ўтказилаётган долзарб уч ойлик тадбирлари давом этмокда.

– Жорий йилнинг июнь-август ойларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Бухоро вилоятининг барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйлаб "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман!" шиори остида тадбирлар амалга оширилмокда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова. – Лойиҳанинг асосий мақсади маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилаларнинг мавжуд муаммоларни бартараф этиш, "Обод хонадон" акцияси доирасида таъмирлаш, оқлаш ишларини амалга оширишдан иборат. Мазкур тадбир ижросини таъминлаш борасида вилоят бошқармаси ва унинг қуйи тизими томонидан кўплаб амалий тадбирларга қўл урилган. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор хонадонларда таьмирлаш-тиклаш ишлари авжида. Лекин иш бор жойда камчиликлар ҳам бисёр. Мана шу камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.

Э.Боситхонова бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги Абдуҳолик Ғиждувоний маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги хонадаонларда бўлди. Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликлар жойида бартараф этилди. Ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди

Шунингдек, ишчи гуруҳи мазкур маҳалла Орифон кўчаси 1-уйда яшовчи Б.Авезовлар хонадонида бўлди. У ерда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари билан танишди.

– 2 нафар фарзандим бор, – дейди Когон тумани Қасри Орифон қишлоғи 24-хонадонда яшовчи туғма ногиронлиги бор Қосим Файзиев. –Лойиҳа ташкилотчиларига раҳмат биз, ногиронларни уйини таъмирлаб бераётгани учун. Оиламиз билан бундай хайрли ишларга бош-қош бўлаётган мутасаддиларга миннатдорлик билдирамиз.

– Маҳалламизда 2 минг 531 нафар аҳоли яшайди, – дейди Чолоки МФЙ раиси Мирзоҳид Бердиев. – Камбағалчиликни олдини олиш бўйича барча хонадонлар ўрганиб чиқилди ва рўйхати шакллантирилди. Ҳудудимизда худди шундай тоифадаги хонадонлар 42 тани ташкил этади. Улар билан яқиндан ишлаб фаолияти ўрганилди ва амалий ёрдамлар берилди. Ҳозирда 15 та мана шундай хонадонлар мавжуд.

Вилоятнинг барча ҳудудларида ўрганишлар давом этмоқда.

3 565
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА