ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир аёл давлат ҳимоясида

Ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир аёл давлат ҳимоясида

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг барча соҳалардаги истеъдодини рўёбга чиқариш борасидаги давлат сиёсати, олиб борилган ислоҳотлар аёлларимиз ҳаётини тубдан ўзгартирди, турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилди.

Хотин-қизлар билан ишлаш тизимининг ислоҳ қилингани, аёлларимиз муаммоларини ҳал этишнинг янгича тизими яратилгани, уларга уй-жойлар берилаётгани, таълим олиши қўллаб-қувватланаётгани, Гендер тенглик ва зўравонликка оид 2 та муҳим қонуннинг қабул қилингани каби ижобий ҳолатлар аёлларнинг давлат сиёсатидаги таъсири «шунчаки пардоз-андоз» тарзидаги чора эмас, балки ҳақиқий маънодаги ҳодиса бўлди.

Биргина 2019 йилдаги натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини белгилаш йўналишидаги ислоҳотлар аёлларимизни ижтимоий-сиёсий жараёнларда кузатувчидан фаол иштирокчига айлантирди.

Ўтган йилги сайловларда сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг ўттиз фоиздан ортиғини аёллар ташкил этди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатларнинг 48 нафари (32 %), Олий Мажлис Сенати аъзоларининг қарийб 25 фоизи хотин-қизлардир.

Жойларда халқ эътирофига сазовор бўлган, меҳнат фаолиятида кўплаб ютуқларга эришган, оиласи билан намуна бўлаётган номзодлар орасидан 2019 йил 8 март байрами арафасида 290 нафар аёллар «Мўътабар аёл» кўкрак нишони билан тантанали равишда тақдирландилар.

2019 йили «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги ва «Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари қабул қилингани мамлакат аёлларининг ҳаётида муҳим воқеа бўлди.

2019 йилда республика бўйича хотин-қизлар учун жами 362 минг 635 та иш ўринлари яратилиб, 329 минг 228 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни иш билан таъминлаш мақсадида ҳудудий дастурлар кесимида 13 минг 44 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди.

Кейинги 3 йилда 14 та ҳудудда «Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари» ташкил этилди. Ушбу марказлар томонидан бугунги кунда 27 148 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касблар бўйича қайта тайёрлаш, бандлигини таъминлаш йўналишлари бўйича кўмаклашилди. Шулардан 10 865 нафар хотин-қизлар қисқа ўқув курсларида ўқитилди ва сертификатлар топширилди.

200 га яқин зўравонликдан жабр кўрган шахсларга ёрдам кўрсатувчи Реабилитация марказлари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та муҳим ташаббуси доирасида 21 минг 500 нафар хотин-қизлар 110 та коллежда қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилди. «Мен муваффақиятли аёлман» лойиҳаси ижрога йўналтирилди.

Бундан ташқари, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида 57 минг 928 нафар ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ижтимоий-тиббий ёрдамлар кўрсатилди, 25 минг 186 нафар хотин-қизларга 41 млрд. 418 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби ислоҳотлар аёлларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига маълум маънода хизмат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, глобализация даврида ишлаш шакллари ва ёндашувларини янгилаш, ўзгартириш, тадрижий ривожлантириш лозим.
Албатта, Хотин-қизлар қўмитаси тизимининг эътирофли жиҳатлари билан бирга, аёллар масалаларини ҳал этишда бир қатор камчиликлари ҳам кузатилган эди. Жумладан, қуйи тизимларда кадрлар янгиланган бўлса-да, амалда уларнинг фаолияти, ўрни ва роли сезиларли даражада кўзга кўринмаётганди. Хотин-қизлар қўмитаси билан аёллар оммаси ўртасида узилишлар кузатилган ҳолатлар ҳам бор эди.

Хотин-қизлар қўмиталари вакиллари юқоридан кўрсатма кутиши ёки халқ билан мулоқотларда оддий, содда иш услубларини қўллай олмаётгани каби ҳолатлар ҳам йўқ эмасди.

Қўмита вакиллари тадбирларда қатнашиш, совғалар, уй калитларини улашиш кабилар билан чекланиб қолаётган, уй олаётган аёлнинг кейинги ҳаракатлари, масалан у кредитни қайси манбалар эвазига тўлаши, унинг бандлиги ва бошқа омилларга кам эътибор қаратилаётган ҳоллар ҳам бор эди.

Маънавий ҳаётимиздаги хотин-қизлар ва оилалар билан боғлиқ салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги ҳаракатларимизнинг самарадорлиги етарлича бўлмади.

Таҳлиллар шуни кўрсатяптики, «фалон ҳудудда мактаб ўқувчиси она бўлди», «фалон мактабнинг 8-синф ўқувчиси чақалоғини ҳожатхонага ташлади» деган оғриқли ва ачинарли хабарларга тез-тез дуч келяпмиз.
Ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш, аёллар жиноятчилиги, энг ачинарлиси оилавий ажрим ҳолатлари ортгани фаолият самарадорлигини оширишнинг янги чораларини кўриш зарурлигини исботлади.

Бундай ҳолатларда қандай ҳаракатланиш керак, бу ҳолларнинг содир бўлишига нега жамоатчилик лоқайд қараб турибди, деган саволларга жавоб топишга қийналиб қолдик. Кўпгина миллий қадриятларимиз, жумладан «Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она» каби ибратли қадриятларимиз маънавий ҳаётимизда сиқиб чиқариб юборилишига жимгина қараб турилди.

Таъкидлаш ўринлики, жамиятни демократик янгилаш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият соҳаларини ривожлантиришда бутун халқимиз қатори аёлларимизнинг ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган ҳиссаси бор. Ҳозирги вақтда оилани, хусусан, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, оғирини енгил қилиш, улар дуч келадиган турли муаммоларни ечиш, зарур кўмак ва ёрдам бериш ҳам аёл зоти вазифаларининг узвий бир қисмидир.
Лекин, Президентимиз таъбири билан айтганда «аёл муаммоларини ҳал этишни аёлнинг ўзига ташлаб қўйиш» юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишга тўсқинлик қилди.

Эндиликда янги Маҳалла ва оила масалалари вазирлигида амалга оширишимиз лозим бўлган масалалар талайгина. Жумладан:

ҳозирги интернет ва ахборот даврида оилаларни асраш, муҳитни соғломлаштириш осон кечмаётган бир шароитда оилаларда, маҳаллаларда фаол иш олиб бориш, ёш авлодимизни турли зарарли оқим ва таъсирлардан сақлаш, азал-азалдан халқимизга мансуб бўлган инсоний қадриятларни асраш;

опа-сингилларимиз, айниқса қишлоқ жойларидаги аёлларимизнинг билим ва профессионал малакасини, салоҳияти ва истеъдодини рўёбга чиқаришлари учун, аёлларимизни иш билан таъминлаш, оилавий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар туғдириб бериш;

болаларимизни, айниқса, қиз болаларни соғлом руҳда тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни, ҳаётда ўз муносиб ўрнини эгаллашига кўмаклашиш;

ҳар қайси оилада меҳр-муҳаббат тимсоли, хонадонларимиз осойишталигининг посбони бўлмиш аёл зотига ўз маънавий вазифаларини англатиш;

аёл зотига мансуб бўлган ноёб, бетакрор хусусият ва фазилатларнинг кундалик турмушимиздаги аҳамияти ва таъсирини кучайтириш, оилаларимизни янада мустаҳкам қилиш, шу аснода ҳаётимизни ҳар томонлама обод, гўзал ва мазмунли қилиш;

ҳар бир оила, ҳар бир хонадон, ҳар бир аёл давлат ҳимоясида бўлишини таъминлаш;

«Оила – муқаддас» ғоясини ёшлар онгига чуқур сингдириш каби вазифаларни мутлақо янгича ёндашувлар асосида ишларимизга танқидий баҳо бериб олиб боришга ҳаракат қиламиз.

Бугунги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни хотин-қизлар масалаларини ҳал этишни янги, юқори босқичга кўтаришга қаратилган амалий қарор тарзида қабул қиламиз. Ва Президентимизнинг бу ташаббусини халқимизга хизмат қилиш, аёллар оғирини енгил қилиш, миллий қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги тарихий аҳамиятга эга ташаббус деб баҳолаймиз.

Бу ўзгаришлар Давлатимиз раҳбарининг «...агар аёл, она бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, бутун жамият, давлат мустаҳкам ва барқарор бўлади.», деган фикрлари рўёби учун хизмат қилишига умид қиламиз.

Э.Боситхонова,
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раис

7 815
ЎзА