ЎзА Ўзбек

12.01.2019 07:00 Чоп этиш версияси

Елкада ватан юки, юракда ҳаёт ишқи

Ўтган йили Наврўз байрами арафаси. Андижондаги ҳарбий қисмларнинг бирида учрашувда эдик. Дилкаш суҳбатлару шеърхонлик, куй-қўшиқлару ўйин-кулгу авжида бўлди. Гап ҳозир бу ҳақда эмас...

Учрашув тугаб, ҳарбий хизматчилар ўз бўлинмалари билан қайта саф тортаётган пайтда бир йигит шеригига: “Мангу, бўлақол, кетдик!” деди. Ҳайрон бўлдим. Ҳалиги йигитни ёнимга чорлаб, “Ука, дўстингизнинг исми Мангуми?” дея сўрадим ҳайратимни яширмай. Ҳозиргина якунланган завқли учрашув кайфиятида юз-кўзида табассум ўйнаб турган ҳарбий хизматчи самимий тушунтирди.

– Йўқ, ака, ўртоғимнинг асли исми Жалолиддин. Биз – дўстлари, сафдошлари уни Мангуберди, Мангу деб чақирамиз, ҳатто командирларимиз ҳам шунга ўрганган.

Ўшанда мана шу лаҳзалик суҳбат атрофни гулу чечакка, яшиллигу янгиликка буркаб юборган баҳордан-да кўпроқ завқу шавқ берганди кўнглимга. Сабаби – биз йиллар давомида дарсликлару китоблар, ватанпарварлик қўшиқларию маърузалар орқали ёш авлод онг-шуурига сингдиришни хоҳлаган ниятимиз мана энди уларнинг ҳаётига айланиб кетибди. Ҳеч ким айтмаса ҳам бир-бирини шараф-шон боболаримиз номи билан чақиришаяпти, бугун бир йигит Жалолиддин исмли дўстини фахр билан Мангу деб атаса, эртага Темур исмли йигитлар Соҳибқирон дея чорланади, Бобур укаларимиз шоҳу шоир нисбати билан ардоқланади. Мана шунинг ўзи биз орзу қилган келажак, биз орзу қилган янги авлод эмасми? Ўз навбатида улуғ боболар номини елкасида кўтариб юрган бу йигитлар шу қутлуғ исмларга муносиб ишлар қилиши, Ватан ва халқ учун ўзини дахлдор сезиши биз кутган тарбия эмасми?

* * *

Пойтахтдаги нуфузли ҳарбий қисмга “Маънавият дарси” ўтишга чақиришди. Зобитлару сержантлар, аскарлар билан тўла зал ҳар қандай одамни сир бостиради. Ҳар бир сўзингни чертиб, тарозига солиб айтасан. Биринчидан, уларнинг вақти зиқ – хаёли ҳарбий машғулотлару тактик дарслар билан ҳамиша банд. Иккинчидан, сен билағонлик қилиб айтаётган гаплар уларга аллақачон таниш бўлиши мумкин. Чунки бугун ҳарбий қисмларимиз кутубхоналари, маърифатхоналари сиёсий, ҳуқуқий, бадиий адабиётлар билан тўла. Ҳарбийларнинг маънавий олами, билим ва дунёқарашларини янада бойитиш учун давлатимиз томонидан барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилиб қўйилган. Ана шундай ҳам илиги, ҳам билиги тўқ авлодга муносиб сўз топиб айтишинг лозим.

Маърузалару савол-жавоблар тугагач, ҳарбий қисмнинг маънавият ишлари бўйича масъул раҳбари ўтирганлар орасидан бир йигитни минбарга чорлади. Бўйи икки метрдан баланд, қадди келишган бу йигит залворли қадам билан чиқиб келди (кейинчалик билсам, хориж давлатлари Президентларининг юртимизга расмий ташрифи чоғида Фахрий қоровул сафида байроғимизни адл тутиб турадиган йигит шу экан). Йўғон, аммо ширали овозда гоҳ Абдулла Ориповдан, гоҳ Эркин Воҳидовдан олиб шеър айта кетди. Ора-орада шеърни шеърга улаётиб, Саъдийданми, Навоийданми бир ҳикмат қўшиб қўяди. Залдагилар, биз ҳам камоли эҳтиром билан унга маҳлиё бўлиб қолдик. Гоҳ жўшқин, гоҳ ҳазин товушда мисрадан-мисрага ўтаркан, ҳозир тугатажак шеъридан кейин навбатдагиси ҳам қуйилиб келиб тургани сезилади. У эса қарсаклару олқишларга эътибор бермай, зўр иштиёқ билан давом этарди.

Бир маҳал шеърлар оқимини тўхтатиб, Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклари”дан ёдаки кетди. Яна ҳамма лол, ҳамма ҳайратда. Хуллас, ярим соатча барчанинг кайфиятини чоғ қилиб, ўтирганларни адабиёт аталмиш сеҳрли дунёга ошно қилиб қўйди. Минбардан тушар экан, ийманиб-тортиниб “Хато-камчиликларига узр!” деб кўксига самимий қўл босди.

Шу воқеадан кейин бир нарсага тўла иқрор бўлдим: мамлакатимизда маънавият борасида олиб борилган узоқ йиллик ҳаракатлар, меҳнату заҳматлар зое кетмабди, бир пайтлар умид билан экилган ниҳоллар мева бера бошлабди. Янги авлоднинг қалби маънавият, адабиёт, ота-боболар ҳурмати, миллат ва юрт қайғуси билан тўлиб-тошибди. Ўзингиз ўйланг, “Ўзбегим” ёки “Ўзбекистон – Ватаним маним” деб баралла шеър айтиб турган йигитлар – ҳарбийлар бу муқаддас тупроқни, онажон Ватанни бегонага хор қилдириб қўядими? Бу шеърларнинг мағзини юрак тоши билан чақиб топган марду майдонлар бу сўзларга хиёнат қиладими? Эгнига ҳарбий либоси ярашиб турган аскарлар кўнглига бу каби маънавият либослари ҳам кўрк берганини кўриб кўнглим тўлди. Елкасидаги юлдузларга ҳам, юрагидаги юлдузларга ҳам бир хил садоқат билан хизмат қилаётган зобитларга боқиб юрт ҳимояси ҳар томонлама ишончли қўлларда эканига яна бир карра имон келтирдим.

* * *

Ўтган йили ёзда ишхонамга хат келди – Сурхондарёдан, оддий аскар Омоновдан. Қайсидир учрашувда кўришганмиз, суҳбатлашганмиз. Шеърлар машқ қилиб туришини айтганди ўшанда. Лекин мактубда машқларидан юбормабди. Қўлда, тишдай текис, чиройли ҳарфларда ёзилган номада одатий ҳол-аҳвол сўрашдан кейин ўзининг хизмати, дўстлари ҳақида ёзиб, келаси баҳорда хизматдан қайтгач қайси ўқув юртига ҳужжат топшириши борасида маслаҳат солибди. Қўлимдан келганча жавоб ёздим-у, аммо унинг хатидаги бир жумла алоҳида эътиборимни тортди.

“Ака, қўлда хат ёзиш фақат аскарларда қолди-а ўзиям”, дебди.

Юз фоиз қўшилдим бу фикрга. Компьютеру телефонлар, “смс” ва “чат”лар ҳаётимиздан “жонли” хатни деярли чиқариб ташлади. Табрикномалару таърифномалар, ҳатто муҳаббат изҳорлари ҳам аллақачон техник кўринишда ифода этилмоқда. Хат ёзмоқнинг завқи, изҳори дилнинг ҳаяжонлари қолмади ҳисоб. Ростдан ҳам баъзан-баъзан аскар укаларимиздан олиб турадиган мактубларни айтмаса, аксар техник қурилмада терилган ёзувларни ўқиймиз. Уларда эса на кўнгил ҳарорати, на қўл ҳарорати бўлади.

Аввалига эринчоқлигим тутиб компьютерда жавоб ёзмоқчи бўлдим. Аммо кейин икки варақ қоғоз олдим-да, қўлда, ҳафсала билан хат ёздим. Мактуб сўнгида шундай дедим: “Раҳмат, ука! Сиз баҳона мен ҳам қўлда ёзишга қайтдим. Ўша завқни эслатганингиз учун ташаккур! Омон бўлинг.”

Бугун йил айланиб яна Ватан ҳимоячилари куни арафасидамиз. Юқоридаги битиклардан муддао уларни фақат байрам кунлари эмас, одатий хизмат кунлари ҳақида ҳам баҳоли имкон ёзиш эди. Чунки уларнинг ҳар куни синов, ҳар куни ҳушёрлик дарси. Бизнинг эса, ҳарбийларимиз бор экан, улар қўриқлаётган муқаддас қўрғон тинч экан, ҳар кунимиз байрам.

Носиржон Жўраев,

шоир,

“Шуҳрат” медали соҳиби.



ЎзА
2 491