Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.09.2018 11:17 Чоп этиш версияси

Элим деб, юртим деб, ёниб яшаганни эл улуғлайди

Элим деб, юртим деб, ёниб яшаганни эл улуғлайди

Мустақиллигимиз асосчиси, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотираси қалбимизда мангу яшайди. У кишининг эзгу ишларини эсга олиш, порлоқ хотираси олдида таъзим бажо келтириш барчамиз учун фарз. Зеро, бу улуғ инсон юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширган ишлар қадри вақт ўтган сайин ошиб бораверади.

Мустақиллигимиз меъмори, буюк давлат арбоби Ислом Каримовдан халқимизга озод ва обод Ватан қолди. Биринчи Президентимизнинг мардлик, ватанпарварлик, адолатпарварлик, фидойилик, самимийлик ва меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлари барчамиз учун ёрқин ибрат мактаби бўлиб қолди. У киши мангу қўним топган Самарқанддаги Ҳазрати Хизр мажмуаси бугун нафақат юртдошларимиз, балки дунёдаги барча тинчликсевар инсонларнинг зиёратгоҳига айланди.

Фарғоналиклар юртимизнинг барча ҳудудларидаги сингари водийнинг мустақиллик йилларидаги гуллаб-яшнаши, инсонлар турмуш фаровонлигининг юксалишини айнан Ислом Каримов номи билан боғлайдилар. Айниқса, у кишининг фарғоналикларга меҳри бўлакча эди.

Фарғона шаҳридаги муҳташам Театр-концерт саройига Биринчи Президентимизнинг номи берилгани бутун Фарғона аҳлини беҳад қувонтирди.

Шарқ ва Ғарб меъморчилиги анъаналарини уйғунлаштирган ушбу улуғвор кошона узоқдан кўлда сузиб юрган оққушни эслатади. Унинг миллий услубда безатилган эшик ва устунлари, саҳна теграсидаги ранго-ранг ёритгичлар, томоша зали узра осмон гумбазининг бир парчаси тасвирланган манзара, бошқа яна бир қанча қулайликлар бу сарой яхлит бир муҳташам санъат асари эканини намоён этади. Сарой жойлашган майдонда тўртта фаввора, суғориш ва ташқи ёритиш тизимлари, ноёб дарахтлар ва анвойи гуллар ҳамиша атрофга чирой бахш этиб туради.

Фарғонадаги улкан бунёдкорлик ишларининг бош меъмори – Ислом Каримовдир. 2011 йилда бошланган Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш ишлари шаҳар қиёфасини бутунлай ўзгартириб, одамлар дунёқарашини кенгайтирди. Бугун фарғоналиклар Биринчи Президентимизнинг эзгу ишларини фахр билан тилга олади.

2 сентябрь куни эрта тонгда мазкур Театр-концерт саройи хиёбонида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига эҳсон оши берилди. Бу ерга ташкилотлар, корхона ва муассасаларда ишлаб бугунги кунда қарилик гаштини сураётган табаррук отахонлар, жамоатчилик вакиллари келди. Ислом Каримовнинг хотираси ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.

М.Сулаймонов, ЎзА
5 507