ЎзА Ўзбек

07.09.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Электропоезднинг янги қатнови барчани қувонтирди

Электропоезднинг янги қатнови барчани қувонтирди Аввал хабар берганимиздек, юқори даражадаги сервис хизматлари, транспорт коммуникациясини ўзида шакллантирган Бухоро, Самарқанд ва Қарши каби юртимизнинг қадимий ва гўзал шаҳарларига юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди ўз вақтида Шаҳрисабз шаҳрига келди.

Илгари йўлга чиққан одам манзилига эсон-омон бориб келгунича кўп вақт кетар, уйидагилар минг бир хавотир билан ўтирар эди. Тез фурсатда манзилига етиб келган йўловчилар ва хорижлик меҳмонларнинг юзларида табассум.

photo5231148520625514972.jpg

– Кўз очиб юмгунча манзилга етиб келганимизга ҳали ҳам ишонмаяпман, – дейди бразилиялик сайёҳ Грейс Келли. – Оқсарой майдонида ўтказилаётган 1-Халқаро мақом мусиқа анжумани доирасида турли халқлар маданияти билан танишиш, миллий куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлишни мақсад қилганман. Бугун тезюрар поезд билан Шаҳрисабзга келиш мен учун ўзгача саргузашт бўлди. Барча қулайликлар ва хизматлар учун соҳа ходимларидан миннатдорман.

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан замонавий поездда ташкил этилган медиа-тур давомида журналистлар ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида ҳудудда замонавий тарзда қуриб битказилган Шаҳрисабз темир йўл вокзалида яратилган шароит билан танишди.

photo5231148520625514973.jpg

Барча қулайликларга эга янги темирйўл вокзали бир кунда 100 дан ортиқ йўловчиларга хизмат қилади, – дейди Шаҳрисабз вокзали бошлиғи Азиз Бозоров. – Бу ерда расмий вакиллар зали, она ва бола, станция навбатчиси, юк хазиначиси ва шу каби кўплаб хоналар барча жиҳозлар билан таъминланди. Энг муҳими, кўрсатаётган хизматимиздан барча мамнун. Халқаро мақом санъати анжумани Шаҳрисабзда ўтказилиши дунёнинг кўплаб давлатларидан миллий мусиқа ва қўшиқ шайдоларини юртимизга чорлади. Шу кунларда шаҳримизга сайёҳлар одатдагидан кўпроқ меҳмон бўлмоқда. Шуни ҳисобга олган ҳолда уларни кутиб олиш ва кузатиш борасида зарур қулайликлар яратилган.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари иштирокчиларни янги барпо этилган Қарши Локомотив депоси машинистлар дам олиш уйида ҳам бўлди. Бу ерда кечаю кундуз темирйўл ходимлари ишдан сўнг ҳордиқ чиқаради. Дам олиш хоналари, ётоқхона, овқатланиш хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

photo5231148520625514974.jpg

– Мана бугун Шаҳрисабзга биринчи қатнов муваффақиятли амалга оширилди, – дейди “Афросиёб” электропоезди машинист мураббийси Ҳусниддин Бахтиёров. – Яратилган шароитдан йўловчиларимиз юзларидаги қувончини кўриб, қалбимизда ғурур ҳисси уйғонди. Тошкент шаҳридан 635 километр масофани тез фурсатда босиб ўтиб, қайтиб кетишдан олдин ходимлар учун яратилган дам олиш хоналарида энди ҳордиқ чиқарамиз. Албатта, пойтахтдан қолишмайдиган, вилоятларда ҳам яратилаётган бу каби шароитларни кўриб ўз касбимизга ҳавасимиз янада ортади.

Мамлакатимизда барча транспорт турлари, жумладан, темир йўл тизими ҳам жадал ривожланиб, унинг юк ташиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш борасидаги улуши ортиб бораётир. Буни соҳадаги мазкур саъй-ҳаракатлардан ҳам билиб олса бўлади.

Медиа-тур иштирокчилари тадбир давомида Шаҳрисабз шаҳрига саёҳат уюштирди. Унда мақом фестивали ўтказилаётган Оқсарой майдонида ташкил этилган халқимизнинг миллий урф-одатлари акс этган ҳунармандлик намуналарини томоша қилди. Бахшилар ижросидаги халқ достонлари, лапарлар барчада катта таассурот қолдирди.

А.Мусаев, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 048