ЎзА Ўзбек

14.10.2019 Чоп этиш версияси

“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” – ягона ахборот тизими

“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” – ягона ахборот тизими

Фармон ва ижро 

Ушбу тизимда жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар бўйича маълумотларнинг ягона ҳисоби юритилади. Шунингдек, мазкур ягона тизим маълумотларни йўқотиб юбориш, ўзгартириш киритиш, ходимлар томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларга чек қўйди.

Юртимизда ҳуқуқбузарлик, қонунбузилиш ҳолатлари, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Бунда жамият ҳаётидаги криминоген вазиятни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш масаласи катта аҳамият касб этади.

Бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш зарурати юзага келди. Президентимизнинг 2018 йил 31 октябрда қабул қилинган “Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони айни шу муаммолар ечимига қаратилди.

Илгари жиноятчилик статистикасини юритиш ва жиноятларни таҳлил қилиш вазифаси Ички ишлар вазирлигининг ахборот маркази томонидан олиб борилар эди.

Фармон қабул қилингач, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Аниқроқ айтганда, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика“ ягона ахборот тизими жорий этилди. Унга биноан, статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар бўйича маълумотларнинг ягона ҳисоби юритилади.

Шунингдек, прокуратура, суд ва бошқа давлат органлари ўртасида дастлабки тергов ва суриштирув органларининг электрон маълумот алмашув шакли, жумладан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш йўли билан жорий этилди. Жиноий-ҳуқуқий статистикани юритиш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш жараёнида инсон омили истисно этилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Гап шундаки, Президентимиз фармони қабул қилингунга қадар ушбу вазифалар Ички ишлар вазирлиги томонидан бажарилган. Хусусан, вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан статистик маълумотлар юритилган. Бу маълумотларнинг тузилиши, рўйхатга қўйилиши ва тегишли сўровларга ахборот берилиши ҳам худди шу тизим вакиллари томонидан амалга оширилиб келинган.

Ҳозирги кунда ана шу жараёнларда инсон омили истисно этилди. Бу дегани илгари қўлда тузилган маълумотларни юритиш ва сақлашда хато-камчиликлар, жумладан, маълумотларни йўқотиб юбориш, ўзгартириш киритиш, ходимлар томонидан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатлари учраб турган бўлса, эндиликда буларнинг барчасига чек қўйилганини англатади. Демак, электрон тарзда тузилган маълумотларни ҳақиқий барқарор ҳолатда сақлаб қолиш имконияти яратилди.

Суд амалиётида шахсларга нисбатан жиноий ишларни кўриш жараёнида илгари Ички ишлар вазирлиги Ахборот маркази берган маълумотларда шахснинг исм-фамилияси, туғилган йили, муқаддам судланганлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар ҳар доим ҳам тўғри бўлмаган вазиятлар учраган. Бу эса ишларни тўғри, қонун доирасида, белгиланган муддатда кўриб чиқишда муаммоли ҳолатлар юзага келишига олиб келган.

Бунда, хусусан, тегишли шахс муқаддам судланганлиги бўйича тайинланган жазони ўтаган муассасалардан маълумотномалар сўраб олиш, умуман, ушбу ҳолатни тўла ўрганиш муайян қийинчиликларни келтириб чиқарган.

“Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика“ ягона ахборот тизими жорий этилгани бу каби муаммоларга барҳам берди.

Эндиликда суд муҳокамаси ҳамда суд қарорлари ижросининг натижалари, шунингдек, айбланувчи ва жабрланувчи сифатида жалб этилган шахслар бўйича маълумотлар судлар ва суд қарорлари ижросини амалга оширувчи давлат органлари томонидан электрон-статистик карточкаларни тўлдириш йўли билан шакллантирилади.

Ягона ахборот тизимида ахборот алмашинуви мавжуд маълумотларни рухсатсиз кўришга имкон бермайди. Бу жараённи ҳимояланган алоқа каналлари орқали амалга ошириш тартиби ўрнатилгани, айниқса, диққатга сазовор.

Шунингдек, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-маълумотлар бошқармасига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, очиш ва тергов қилишда фойдаланиш учун тезкор маълумотлар ҳисобини ташкил қилиш ва юритиш вазифаси ҳам юклатилган.

Бунда шахсларнинг ҳудудий ва давлатлараро қидирувга берилиши асносида ички иш¬лар органларининг архив маълумотлари ва махсус жамғармаларидан фойдаланиш таъминланади.

Қолаверса, автотранспорт воситалари, фуқаролик ва хизмат қуроллари, қидирувдаги шахслар ва ашёлар, шунингдек, бошқа маълумотларнинг автоматлаштирилган, ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишга хизмат қилувчи маълумотлар базаси юритилади.

Ушбу фармоннинг қабул қилиниши ва унинг изчиллик билан ижро этилаётгани соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд муаммоларга барҳам берилиб, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги ортади.

Баҳодир ЮСУПОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Сергели тумани судининг судьяси.

1 279
ЎзА