ЎзА Ўзбек

27.07.2018 20:42 Чоп этиш версияси

Электрон муносабатларни яратиш тизими оммалашмоқда

Пойтахтимиздаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида E-SUD миллий электрон ахборот судлов тизимидан фойдаланиш тартиби бўйича адвокатларнинг билимини ошириш ва уни янада кенгайтириш истиқболларига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди.

Олий суд томонидан ташкил этилган тадбирда миллий электрон судлов ахборот тизими фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда ушбу тизимга фуқаролик ишлари бўйича вилоят, туманлараро, туман, шаҳар судлари уланган бўлиб, ушбу судларда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалари тўлиқ электрон равишда қабул қилиниб, кўриб чиқилмоқда. Миллий электрон судлов ахборот тизимида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 381 адвокат рўйхатдан ўтган бўлиб, улар томонидан жорий йил бошидан буён 7 мингга яқин электрон аризалар келиб тушган. Уларнинг 4,5 мингдан зиёди суд буйруғи бериш ҳақидаги ҳамда 2 мингдан ортиғи даъво аризаларини ташкил қилди.

Тизимнинг афзаллиги, аввало, суд актларини тайёрлашда вақт ва қоғоз тежамкорлигини таъминлайди, ҳужжатлар йўқолиши ҳолатини бартараф этади.

– Мутахассислардан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари, шикоят ва протестларни электрон равишда юборишнинг қулай усулларини ўргандик, – дейди “S.Yakubov va advokatlar” адвокатлар ҳайъати адвокати Ф.Эшонхўжаев. – Суд соҳасида хавфсиз электрон ҳужжат айланишини таъминлаш ишларини кўриш самарадорлиги ошишига хизмат қилади. Бу эса касбий фаолиятимизда муҳим аҳамиятга эгадир.

Интерфаол шаклда ўтказилган семинарда миллий электрон судлов ахборот тизимининг мақсад ва вазифалари, ундан фойдаланиш тартиб-қоидалари ҳақида маълумот берилди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 212