ЎзА Ўзбек

01.03.2018 18:01 Чоп этиш версияси

Электр корхонаси хизматчиси 19 миллион сўмга яқин нореал қарздорлик ёзди

Андижон вилояти Андижон тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро Ваҳобжонов Адҳамжон Андижон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига туман электр таъминоти корхонаси томонидан 18746650 (Ўн саккиз миллион етти юз қирқ олти минг олти юз эллик) сўм нореал қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб мурожаат қилган.

Ваҳобжонов Адҳамжоннинг аризасида кўрсатилган ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди ва абонент картаси ҳаракат жадвалига солиштирилганда ҳисоблагич кўрсатгичи бўйича 2015 йил 5 июндан 2018 йил 12 февралга қадар 20623 кВт электр энергия сарфланган ва бу давр учун жами бўлиб 4299134 (тўрт миллион икки юз тўқсон тўққиз минг бир юз ўттиз тўрт) сўм тўланган (аслида, 3771019 (уч миллион етти юз етмиш бир минг ўн тўққиз сўм) тўланиши керак бўлган). Ўрганиш натижасида аризачи 567020 (беш юз олтмиш етти минг йигирма) сўм ҳақдор экани аниқланди.

Ҳисобланган нореал қарздорликнинг қаердан келиб чиққанини аниқлаш мақсадида федерациянинг туман жамияти Андижон Электор корхонасига борди. Аниқланишича, туман Электр корхонаси назоратчиси 2017 йил 8 март куни кўрсатгични киритишда хатоликка йўл қўйгани ва натижада истеъмолчи Ваҳобжонов Адҳамжонга ортиқча қарздорлик келиб чиққани маълум бўлди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Андижон туман жамияти аралашуви билан фуқаро Ваҳобжонов Адҳамжонга қўйилган нореал қарздорлик олиб ташланди ва унинг ортиқча тўлаган маблағи келгусида фойдаланиладиган электр энергияси учун ҳисобланадиган бўлди.

ЎзА
11 761