ЎзА Ўзбек

14.07.2017 16:37:37 Чоп этиш версияси

Электр энергияси ва табиий газ истеъмолида қонунийлик таъминланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан соҳадаги ишлар тубдан такомиллашмоқда. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Бугун аҳолининг кенг қатламида мазкур ташкилот фаолиятига қизиқишни инобатга олиб, ЎзА мухбири Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаев билан суҳбатлашди.

– Ботир Баҳромович, Мажбурий ижро бюросини ташкил этиш зарурати ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.

– Электр энергияси ва табиий газ кундалик турмушда ишлатиладиган энг зарур неъматлар ҳисобланади. Гарчи бу борада Ўзбекистон ўзини ўзи таъминлайдиган мамлакат ҳисобланса-да, бироқ бу бизга қимматбаҳо, қайта тикланмайдиган ресурсларга хўжасизларча муносабатда бўлиш ҳуқуқини бермайди. Бу ноёб бойликларда болаларимиз, келгуси авлодларимизнинг ҳам ҳаққи борлигини доимо ёдда тутишимиз зарур. Шу боис улардан тежамкорлик билан, оқилона фойдаланиш ҳамда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадга мувофиқ.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи қайд этилган фармони соҳада ечимини кутаётган айрим муаммоларни бартараф этиш борасида ўз вақтида ташланган муҳим қадам бўлди. Шу асосда ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш ҳамда технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг таъсирчан механизми яратилди.

Боиси мазкур соҳада тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммолар энергия ресурслари бўйича дебитор қарздорликни кескин камайтиришга ва электр энергетика ва газ тармоқларини янада ривожлантириш, ижро иши юритиш самарадорлигини оширишга имкон бермаган.

Тўлов интизомининг ёмонлашувига, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва газдан оқилона фойдаланмаслик учун шароитлар яратишга соҳада фаолият юритган масъул шахслар “ҳисса” қўшган. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси тизимида кўп сонли назоратчи штат бирликлари мавжуд бўлишига қарамасдан, улар вазифаларини лозим даражада бажармаган. Аксинча, улар томонидан пул маблағларини талон-тарож қилиш, ҳисобга олиш ускуналарининг кўрсаткичларини ўзгартириш ҳолатларига оммавий тарзда йўл қўйилган (2016 йил ва жорий йилнинг 1 чорагида мингдан зиёд ходим судланган, етказилган зарар миқдори – 43,3 миллиард сўмни ташкил этган).

Мансабдор шахсларнинг масъулиятсизлиги, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш муддатларининг кечиктириб юборилганлиги етказиб берилган ва истеъмол қилинган энергия ҳажмлари ҳисоби юритилишининг ҳаққонийлигини таъминлашга ҳамда ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишга ўта салбий таъсир кўрсатган.

Пул маблағларини электр ва газ таъминоти бўйича эскирган инфратузилмани модернизация қилишга йўналтириш мақсадга мувофиқ бўлган бир вақтда асоссиз равишда назоратчи штат бирликлари сақланган. (Назоратчиларнинг ойлик иш ҳақлари учун йилига 161,8 миллиард сўм сарфланган).

Бу борада фаолият юритган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд департаменти тегишли органлар билан маълумот алмашиш ва ижро жараёнини назорат қилиш бўйича ҳамкорлик механизмини жорий этмаганлиги туфайли ижро ҳужжатларининг ҳаққоний ва очиқ ҳисоби юритилмаган.

Бундай ҳолатларга барҳам бериш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ равишда соҳани тубдан такомиллаштиришга зарурат пайдо бўлди. Электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

– Бюрога қандай вазифалар юкланган ва улар амалда қандай таъминланмоқда?

– Бюронинг асосий вазифалари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритишдан иборат. Шу билан бирга, Бюро ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-тарож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлайди.

Истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилиши таъминланади. Энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг олиб борилади. Энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этади. Энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чоралари кўрилади. Комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш билан бирга суриштирув ва тезкор-қидирув фаолияти амалга оширилади.

Фармон асосида Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган Суд департаментининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Бюрога ўтказилди. Эндиликда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш Бюронинг давлат ижрочилари томонидан амалга оширилади.

Бюро томонидан ташкилий ва ҳуқуқий тадбирлардан иборат комплекс чоралар режаси ишлаб чиқилди. Шу асосда 29 норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. Амалга оширилаётган ташкилий чора-тадбирлар доирасида Марказий банк билан бирга электр энергияси ва газдан тушадиган маблағларни ҳамда суд ҳужжатлари юзасидан ундирувларнинг ягона банк ҳисобрақамларини очиш ишлари якунига етказилаётир.

Кундалик тушум “Ўзбекэнерго”, “Ўзтрансгаз” компаниялари маълумотларини банкдан олинган маълумотлар билан таққослаш орқали ўрганилмоқда. Ҳудудларга Бош прокурор ўринбосарлари ҳамда масъул ходимлар бириктирилди. Ишларни ташкиллаштириш юзасидан Дастур ишлаб чиқилиб, жойларга етказилди.

Энергоресурслар ҳисоб-китобларининг электрон базаларига ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш мақсадида улардан кўчирмалар олинди. Уларнинг қонуний юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш учун 423 нафар прокуратура ходими бириктирилди.

Энергоресурслардан ва суд ҳужжатлари бўйича қарздорларнинг электрон базаси шакллантирилиб, таҳлил қилинмоқда. Электр энергиясидан қарздор бўлган 48 минг 376, табиий газдан қарздор бўлган 22 минг 146 истеъмолчи тармоқдан узилди.

Суд ижрочилари иш юритувидаги ижро ҳужжатлари билан бирга судларнинг 1991 йилдан ҳозирга қадар бўлган ижро ҳужжатлари хатловдан ўтказилмоқда. Хатлов натижасида фақатгина 18 кун ичида судлар томонидан 48 минг 239 (41,7 миллиард сўмлик) ижро ҳужжати мажбурий ижрога қаратилмаганлиги аниқланди.

– Назорат тадбирлари давомида кўпроқ қандай қонунбузарликлар аниқланмоқда?

– Энергия ресурслари билан боғлиқ барча ҳолатларни тизимли ўрганиш давомида (фармон қабул қилингандан кейинги 40 кунда) 432 қонунбузарлик аниқланди. Улар юзасидан 67 жиноят иши, 365 маъмурий иш қўзғатилди.

Назорат тадбирлари давомида асосий эътибор электр энергияси ва табиий газ етказиб берувчи корхоналарнинг ўз вазифаларига совуққонлик билан қараган, ваколатини суиистеъмол қилган мансабдор шахслари фаолиятига қаратилмоқда. Уларнинг дебиторлик қарздорликни қисқартириш бўйича лозим даражада чора кўрмай қилган масъулиятсизлигига қонуний баҳо берилади. Чунки ўтган даврда улар томонидан бу борада 44,8 миллиард сўм қарздорлик вужудга келишига йўл қўйилган. (Бунинг 40,4 миллиард сўми электр энергияси бўйича, қолгани табиий газ бўйича). Бундай ҳолатлар бўйича 12 жиноят иши қўзғатилди.

Мисол учун, Оқ олтин тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари олдиндан эллик фоиз тўловни тўламаган 186 юридик шахсга 286,6 миллион сўмлик электр энергияси етказиб берган. Бу йўналишда 888 миллион сўм қарздорлик вужудга келган бўлса ҳам, уни ундириш чораларини кўрмаган.

Энергия ресурсларини етказиб бериш соҳасида суиистеъмолчиликка йўл қўйилиши оқибатида сунъий қарздорлик вужудга келтирилган. Аниқроқ айтганда, турли йўллар билан ишлатилган, базага киритилган бундай қарздорликни “ёпиш” учун улар аҳолига тақсимланган. Мисол учун, «Юнусободтумангаз» ва «Шайхонтоҳуртумангаз» корхоналари масъул шахслари газ истеъмоли бўйича белгиланган тартибда ҳисоб-китоб ва назорат ишларини етарли даражада амалга оширмагани туфайли 3,4 миллиард сўм қарздорлик вужудга келган. Бу борадаги камомадни қоплаш учун улар бу суммани аҳолига “юклаган”.

Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Чимбой филиали масъул шахслари ўзлари учун жиноий схема ишлаб чиққан. Унга кўра, юзага келган 1 миллиард сўм қарздорлик 118 фуқарога “тақсимланган”. Уларни ундириш бўйича тегишли даъволар қўзғатилган. Лекин ижро ҳужжатлари ижроси таъминланмаган.

Бу соҳада йўл қўйилган жиноий хатти-ҳаракатларнинг айримларини таъмагирлик, порахўрлик ҳамда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўланган маблағларни талон-тарож қилиш кабилар ташкил этган.

Алоҳида қайд этиш керакки, бундай жиноятларнинг асосий қисми энергия ресурслари учун тўловларни ундиришга масъул бўлган назоратчилар томонидан амалга оширилган. Бу йўналишда 40 жиноят иши қўзғатилган бўлса, шундан 18 жиноий иш 20 назоратчига (электр бўйича – 5, газ бўйича – 15) тааллуқли. 13 ҳолатда қарздорликни йўқотиб бериш учун истеъмолчилардан ноқонуний равишда пул олинган. Масалан, “Бухоротумангаз” филиали назоратчиларидан бири икки мижоздан 4,6 миллион сўм бўлган қарзларини “қоплаб” бериш учун 400 АҚШ доллари ва 2 миллион сўм олган. Уларга тўлов тўлангани ҳақида ноқонуний ҳужжат берган.

Мирзаобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири 1,2 миллион сўмлик қарзни “ёпиш” эвазига истеъмолчидан 700 минг сўм олган. Текшириш давомида бу шахс ана шундай йўл билан 417 ноқонуний ҳолатга йўл қўйгани ва давлатга 31,3 миллион сўм зарар етказгани маълум бўлди.

Яшнобод тумани электр тармоқлари корхонаси ходимларидан бири қарздорликни сунъий равишда камайтириб бериш эвазига истеъмолчидан 200 АҚШ доллари олаётган пайтда қўлга олинди.

Хоразм ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси ўз жамоадошлари билан тил бириктириб, “Элсус” корхонасига қиймати 1,1 миллиард сўмлик трансформаторни 754,8 миллион сўмга пуллаган. Оқибатда давлатга 331,2 миллион сўм зарар келтирилган. Минг афсуски, бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.

Назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига ҳам йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу борада электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланган 15 ҳолат аниқланди. Мисол учун, чинозлик У.Абдуллаев ўз уйида яширин 159 квадрат метрли музлатгич ташкил этган ва уни ишлатиш учун электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган. Натижада 290,3 миллион сўм зиён келтирган.

Косонсой тумани “Сувоқова” корхонаси масъул шахслари насосларни ишлатиш учун электр энергиясидан икки йил давомида ноқонуний фойдаланган ва етказган зарари 223 миллион сўмни ташкил этган.

Бундай ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш ишлари изчил давом эттирилаётир.

– Тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида қандай ишларни амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзганинг ҳақига хиёнат қилишни халқимиз азалдан катта гуноҳ, деб билади. Энергия ресурслари ҳақи ҳам аслида тўланиши шарт бўлган қарз. Унга хиёнат қилиш бировга эмас, ўзимизга хиёнат қилиш билан баробар. Ахир ресурслар туганмас эмас. Уни ишлатганда ўрнини тўлдиришни ҳам ўйлашимиз керак. Шу маънода аҳолининг бу борадаги тушунчасини ўзгартириш, тўлов маданиятини юксалтириш – долзарб вазифа. Ушбу мақсадга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари янада кучайтирилиши зарур.

Юртдошларимиз унутмаслиги керакки, 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда, истеъмолчи – жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилади.

Келгусида истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳолларда истеъмолчиларга нисбатан электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади.

Электр ва газ тармоқларидан илгари узиб қўйилган шахсларни қайта улашда истеъмолчи – жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига маблағларни ўтказиш орқали ундирилади.

Истеъмолчи энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг лозим даражада эксплуатация қилиниши ва созлиги учун жавобгар ҳисобланади.

Етказиб берилган энергия ресурслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги қарздорликни ходим – истеъмолчиларнинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юборилади.

Бир сўз билан айтганда, эндиликда назорат қилиш ва ҳисобга олиш, қарздорликни ундириш тизими тубдан такомиллашади. Энергия ресурсларини етказиб бериш, транспортировка қилиш, тақсимлаш ва сотишдаги йўқотишларни аниқлаш тартиби мустаҳкамланади. Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ускуналари тақсимлаш жойларида – маҳаллаларда ўрнатилади. Замонавий электрон тўлов тизимлари жорий этилади. Электр энергияси ва газ учун қарздорликни, шунингдек, амалга оширилган тўловларни реал вақт режимида кузатиб бориш имконини берувчи ягона биллинг тизими яратилади.

Бу каби чора-тадбирлар соҳада қонунийлик тўлиқ таъминланишига замин яратади. Истеъмолчиларнинг электр энергияси ва табиий газ бўйича тўловлардан бўйин товлашига йўл қўйилмайди.