Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 20:19 Чоп этиш версияси

Элчилар “Элчилар хонаси” тақдимотида

Элчилар “Элчилар хонаси” тақдимотида Самарқанддаги шаҳар тарихига оид ноёб экспонатлар жамланган “Афросиёб” музейида VII-VIII асрларга мансуб “Элчилар хонаси” деворий суратлари реставрацияси ишларининг якунига бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти масъул ходимлари, АҚШ, Франция, Жанубий Корея ва Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихоналари, Самарқанд вилояти ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, санъатшунослар иштирок этди.

Самарқанд шаҳридаги Афросиёб харобаларида олиб борилган археологик тадқиқот ишлари давомида 1965 йилда топилган ушбу деворий суратлар ноёб тарихий ашё сифатида музей залларидан ўрин олган. Уни нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг турли давлатларидан келган сайёҳлар, тарихчи ва археолог олимлар, санъатшунослар катта қизиқиш билан томоша қилмоқда.

19.JPG

9.JPG

Деворий суратлар сифатига йиллар ўз таъсирини кўрсатиши ҳисобга олиниб, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан АҚШ, Франция, Швейцария, Жанубий Корея давлатлари ҳамда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида уни реставрация қилишга киришилди.

– Реставрация ишлари Ўзбекистон Фанлар академияси Я.Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти реставраторлари ва француз мутахассислари иштирокида олиб борилди, – дейди Афросиёб музейи директори Самариддин Мустафоқулов. – Энг замонавий технологиялар ёрдамида ноёб тарихий экспонат тўлиқ алюмин профилга кўчирилди. Энди “Элчилар хонаси” деворий суратлари яна бир неча асрлар давомида ўз жилосини йўқотмай, келажак авлодларга ҳам тарихимизнинг ёрқин саҳифалари ҳақида маълумот беради. Бундан ташқари, ўтган йили Жанубий кореялик мутахассислар ёрдамида “Элчилар хонаси” деворий суратлари ҳам қадимий Афросиёб шаҳрининг VI-VII асрлардаги ҳолати илмий асосланган ҳолда 3D форматдаги видеолавҳа яратилди ва айни пайтда музейга келувчи сайёҳлар, нуфузли делегацияларга намойиш этилмоқда.

Тадбир иштирокчилари реставрация якунлари билан танишдилар. Уларга топилма ва унинг дунё тарихини ўрганишдаги аҳамияти хусусида сўзлаб берилди.

– Ушбу деворий суратлар Самарқанд, умуман, ўзбек халқи тарихининг салмоқли қисмини қайтадан очиб берди, – дейди Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен Бийет де Вильмор. – Топилма илк ўрта асрларнинг нодир санъат асари сифатида ўша давр маданияти, Сўғдиёна ҳукмдорининг бошқа давлатлар билан дўстона алоқалари ҳақида маълумот беради. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамкорлигида Сўғдиёна француз-ўзбек археологик миссияси ташаббуси билан Афросиёб деворий суратларини асраб-авайлаш уюшмасига асос солингани давлатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 507






Все о погоде - Pogoda.uz