ЎзА Ўзбек

15.02.2020 Чоп этиш версияси

Элчихонада давра суҳбати

Элчихонада давра суҳбати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг Буюк Британияга ташрифи доирасида Ўзбекистон элчихонасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Тадбирда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий, бизнес ва академик доиралари вакиллари ҳамда ватандошларимиз, Британия олий таълим муассасаларида ўқиётган талабалар иштирок этди.

Акмал Саидов Ўзбекистон олдида турган устувор стратегик вазифаларни бажариш бўйича ўзига хос “Йўл харитаси” бўлиб хизмат қилувчи давлатимиз раҳбари Мурожаатномасининг асосий мазмунини батафсил тушунтириб берди. Ҳужжатнинг нафақат парламентга, балки бутун Ўзбекистон халқига ва халқаро ҳамжамиятга йўллангани қайд этилди.

Ҳаракатлар стратегиясидаги вазифаларни бажариш ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентнинг ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мурожаатномадаги Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қонунчилик асосларини яратиш тўғрисидаги новаторлик ташаббуслари кўрсатиб ўтилди.
Хорижий шериклар билан халқаро, жумладан, БМТ даражасидаги ташаббусларни амалга оширишдаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ концепциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашида фаол иштирок этиши борасида ҳамкорлик қилишга урғу берилди.

Учрашув иштирокчилари томонидан нафақат коррупцияга қарши курашиш, қашшоқлик даражасини камайтириш, фуқаролик бериш каби таъсирчан муаммо ва таҳдидлар таҳлил қилинган, балки уларни ҳал этиш йўллари белгилаб берилган Мурожаатноманинг концептуал аҳамияти эътироф этилди.

Президент ва парламентга ҳисоб берувчи махсус коррупцияга қарши курашувчи орган ҳамда аҳоли ва давлат ўртасидаги кўприк ролини ўйновчи Жамоатчилик палатасини тузиш бўйича ташаббуслар ижобий баҳоланди. ОАВ мустақиллигини мустаҳкамлаш, парламент назоратини кучайтириш ҳамда маҳаллий вакиллик органлари мақоми ва таъсирини кўтариш бўйича мамлакат етакчисининг таклифлари долзарблиги қайд этилди.

Давра суҳбатида иштирок этган Британия бизнес доиралари вакиллари Ўзбекистон Президентининг 5-6 март кунлари биринчи Тошкент инвестиция форумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусига алоҳида эътибор қаратди. Талай Британия бизнесменларининг форумда иштирок этишга қизиқиш билдириши Ўзбекистондаги ўзгаришларга ишонч ошаётганидан, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитининг ҳақиқатда яхшиланаётганидан далолат экани таъкидланди.

Умуман олганда, давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси барча йўналишлардаги, жумладан, парламентлараро алоқалар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги имкониятлар яратишига ишонч билдирилди.

2 013
ЎзА