Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:52 Чоп этиш версияси

Эл эъзозида

Эл эъзозида Ғаровтепа, 4-уй. Бу хонадонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ғани Тожиев истиқомат қилади.

Ушбу ёзув Жомбой тумани Ғазира маҳалласидаги ҳовлилардан бирининг дарвозасига битилган. Илгари бу маҳаллада бундай ёзувлар кўп эди. Бугун фақат битта. Ўтган асрнинг энг катта талафот ва йўқотишларига сабаб бўлган, дунё халқлари бошига кўп кулфатлар солган Иккинчи жаҳон урушининг шоҳиди – 93 ёшли Ғани ота у кунларни доим оғир хўрсиниб эслайди.

– Уруш бошланган чоғда биринчилар қаторида фронтга кетгандим, – дейди отахон. – Уч йил қирғинбарот жангларда қатнашиб, 1944 йилда оғир жароҳатдан сўнг уйга қайтдим. Бу ерда тинчлик ҳукм сурса-да, ҳаёт уруш бўлаётган жойлардаги каби жуда мураккаб, кун кечириш оғир эди. Кексаю ёш далада тиним билмай меҳнат қиларди. Мен ҳам уларнинг қаторига қўшилдим. Лекин дастурхонда нон бутун эмасди. Барчаси фронт учун, деган гаплар бўларди. Бунинг устига гоҳ у оила, гоҳ бу оилага қора хат келар, аза очилмаган хонадон қолмаганди. Уруш тугагандан кейин ҳам ҳаётнинг изга тушиши осон кечмади...

Отахон кўзида ёш халқаланди. Бир нуқтага термулганча узоқ вақт сукут сақлаб турди. Икки ёшли чевараси келиб бўйнига осилгандан сўнггина хаёллари тўзғиб, юзида табассум пайдо бўлди.

– Яратганга шукр, бугунги ёруғ кунларни кўриш насиб этди, – деди Ғани ота чеварасини тиззасига ўтқазиб, бошини силаркан. – Тўрт фарзанд ўстириб, уйли-жойли қилдик. Барчаси ўзидан тинган. Невара-чевараларнинг саноғини билмайман. Ёшлигимизда бошдан кўп кўргиликлар ўтган бўлса ҳам, шукр, кексалик чоғимизда давлатимизнинг, халқимизнинг эъзозу ҳурматида ҳаёт кечираяпмиз. Ҳар куни уйга йўқлаб келишади, ҳол сўрашади. Бетоб бўлиб касалхонага тушсам, барака топишсин, шифокорлар атрофимда парвона. Турли санаторийларга бориб, дам олиб келаман. Ўтган йил ўғлим ҳамроҳлигида “Товоқсой”да бўлдим. У ердаги ҳурмат-эътибордан бошим кўкка етди, ёшариб келдим.

Президентимизнинг бизни мукофотлаш ҳақидаги фармонидан сўнг туман ҳокимлигидан вакиллар келиб, ҳол-аҳвол сўради. Давлатимизнинг пул мукофоти, эсдалик совғаларини топширди. Навбатсиз машина олиш ҳақида сертификат берди. Жуда хурсанд бўлдим. Болаларимнинг шахсий машиналари бор. Энди набирамга “Дамас” олиб бераман. Меҳмонлар Тошкент шаҳрида ва Самарқандда бўладиган байрам тадбирларига таклиф этишди. Албатта бораман, дедим. Сафдош дўстларимни кўриб келаман, ўтганларини хотирлайман.

Илоҳим, бугунги кунларимизга кўз тегмасин, юртимиз доим тинч бўлсин. Туну кун дуо қиламан.

Шу кунларда отахон хонадони ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Фарзанду набиралар, қариндош-уруғ, қўни-қўшни билан бирга ҳокимлик, жамоат ташкилотлари вакиллари келиб, Ғани отани байрам билан табрикламоқда.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
3 288






Все о погоде - Pogoda.uz