ЎзА Ўзбек

21.04.2020 Чоп этиш версияси

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: фарғоналик OʻzLiDeP депутатлари ҳам саховат тадбирларида фаоллик кўрсатишмоқда

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: фарғоналик OʻzLiDeP депутатлари ҳам саховат тадбирларида фаоллик кўрсатишмоқда

Маълумки, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз кечаётган ҳозирги синовли даврда бир-биримизни қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож, камбағал ва кўп болали оилаларга ҳам маънан, ҳам моддий ёрдам кўрсатиш каби асрлар оша сайқалланган анъаналаримиз шу кунларда янада бўй чўзмоқда.

Мамлакатимизда инсонпарварлик, меҳр-шафқат ва ўзаро холис ёрдам сингари эзгу ғояларга қаратилган умумхалқ ҳаракатлари бугун барчани бир муштарак мақсад сари бирлаштирмоқда. У ҳам бўлса, коронавирусни мардонавор енгиш, юртдошларимизнинг азиз жонларини сақлаб қолишдир. Бу йўлда, айниқса, эҳтиёжман оилаларга алоҳида кўмак кўрсатилаётир. Бунда фарғоналик OʻzLiDeP депутатлари ҳам фаоллар сафидалар.

Олдин хабар берганимиздек, OʻzLiDeP ходимлари ҳам ташаббус билан чиқиб, бир кунлик иш ҳақиларини “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб берган эди. Ҳозирда OʻzLiDePдан сайланган депутатлар ҳам турли ташаббуслар билан чиқмоқдалар. Эзгу ҳаракатларнинг давоми сифатида Қувасой шаҳридан сайланган Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати, “HOVVO GROUP” МЧЖ раҳбарларидан бир сифатида фаолият олиб бораётган Асқар Қодиров Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Фарғона вилояти бошқармасидаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига 21 тонна картошка маҳсулотини эҳсон сифатида етказиб берди. Бундан ташқари, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларга кўра депутат томонидан зарурий дори-дармон воситалари ҳам етказиб берилди.

Шунингдек, А.Қодиров Қувасой шаҳридаги 16 та МФЙ ҳудудидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситаларни Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази орқали хайрия сифатида тарқатди.

Эл бошига тушган синов барчамизни жипслатирмоқда. Иродали халқимиз қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтади. Бу синовда ҳар биримиз фаол бўлишимиз, қўлимиздан келган ёрдамни аямаслигимиз керак. Ҳеч бўлмаганида, уйда қолиш орқали ҳам фойда келтиришимиз мумкин, — дейди А.Қодиров.

Бундан ташқари, депутат А.Қодиров Қувасой шаҳридаги 3 нафар бемор фуқароларнинг даволанишлари учун ҳам моддий ёрдам ҳам кўрсатди.

Ҳа, бирни берганга Худойим мингни беради, дейишади. Юртимизда кўнгли очиқ, сахий саховатпеша инсонлар кўпаяверсин!

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
OʻzLiDeP Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби

2 116
ЎзА