ЎзА Ўзбек

27.04.2020 Чоп этиш версияси

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: cувчилар ҳам қараб тургани йўқ...

ЭЛ БОШИГА ИШ ТУШГАНДА: cувчилар ҳам қараб тургани йўқ...

Бугунги синовли кунларда юртдошларимиз ҳар жабҳада фаол ҳаракат қиляпти. Инсонларга ёрдам бўлиши учун айни пайтда амалга оширилаётган ҳар қандай саъй-ҳаракатлар мамнуният билан кутиб олиняпти.

Фарғона вилояти Фурқат тумани ирригация бўлими қошидаги ёрдамчи хўжаликларининг иши кишини хурсанд қилади. Масалан, “Дўстлик” сув тақсимлаш бўлимида Сойибжон Ҳамдамов раҳбарлигида балиқчилилик учун кўл бунёд этилган эди. 60 сотих майдондаги кўлда ўтган йили 1,2 тонна балиқ етиштирилди. Бу йил март ойи бошида яна балиқ чавақлари ташланди. Ёрдамчи хўжаликда 15 бош эчки, 8 бош қўй, 25 ўрдак, 30 товуқ, 10 ғоз боқиляпти.

– 10 сотих ерда картошка, помидор, пиёз, саримсоқ ўстиряпмиз, – дейди С.Ҳамдамов. – Бу маҳсулотларни шу ерда озиқ-овқат тайёрлашга ишлатамиз. Меҳнатнинг таги роҳат эканини шундан ҳам билса бўладики, биз бозорга бормаймиз. Ўзимиздан чиққан маҳсулотлар билан қозонимиз қайнайди.

Иброҳимжон Худойберганов бошчилик қилаётган сув тақсимлаш бўлимидаги ишлар ҳам ҳавас қилса арзигулик. Бу ердаги 50 сотихлик ёрдамчи хўжаликнинг 1,5 сотих иссиқхонасида помидор, қалампир, турли кўкатлар ўстириляпти. 10 сотих ерга экилган эртаки картошка барқ уриб ривожланяпти. Қолган майдонда турли-туман мевали дарахтлар экилган боғ яратилган. Асосан шафтоли, ўрик, олма ниҳоллари ўтқазилган боғ яна 2 йилдан кейин ҳосил бера бошлайди.

Бу ерда ёрдамчи хўжаликдан олинган даромад эҳтиёжманд оилаларга ёрдам тариқасида берилади.

1 422
ЎзА