Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.12.2017 15:32 Чоп этиш версияси

Эл ардоғига муносиб бўлиш бахти

Наманган давлат университетида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров таваллудининг 80 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Президентимиз 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда жамият тараққиётида адабиёт, санъат, маданиятнинг роли ҳақида гапирар экан, ижод аҳлининг юксак маънавиятли инсон, том маънодаги ватанпарвар шахсни тарбиялашдаги ўрни ва ролини алоҳида таъкидлади. Бу борада ижодкорлар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб берилди ва уларга миллий ўзлигимизни англаш, халқимиз онгу тафаккурини ўзгартириш, маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилишдек эзгу бурчни тўлақонли адо этиши учун зарур шароитлар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Бу эътибор ижодкорларни янада самарали меҳнат қилишга ундади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбир ҳам ижод аҳлига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбир аввалида “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган “Иброҳим Ғофуров: портретга чизгилар” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Ўзбекистон халқ шоирлари О.Ҳожиева, М.Тоир, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Ш.Ризаев, ёзувчи Х.Дўстмуҳаммад ва бошқалар етук адабиётшунос олим, моҳир таржимон Иброҳим Ғофуровнинг адабиёт, таълим, маданият соҳаси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирди.

– Иброҳим Ғофуровнинг Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг нашрини ташкил этиш борасидаги хизматини ҳам яхши эслаймиз, – дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Ғайрат Тўйчибоев. – Иброҳим ака партия фаолиятининг дастлабки йилларида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган эзгу ғояни кенг тарғиб этишда жонбозлик кўрсатди. Устознинг меҳнатлари давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби фахрий унвони билан мукофотланди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
1 118






Все о погоде - Pogoda.uz