ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Экспертлар экспорт муаммоларини ўрганмоқда

Экспертлар экспорт муаммоларини ўрганмоқда

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш тажрибасини кенгайтириш бўйича туркиялик экспертлар иштирокида ўқув семинари бошлади. Мақсад – янги бозорларни кашф этиш, корхоналарнинг экспорт салоҳиятини ва ходимларнинг малакасини оширишдан иборатдир.

Семинарни Туркиянинг “Yamankoch Egitim Danismonlik LTD.STI” компаниясининг экспортни ривожлантириш бўйича юқори тажрибага эга мутахассислари олиб бормоқда. Биринчи кунда корхона вакилларига Буюк Британия ва Жанубий Кореянинг экспорт стратегияси, халқаро тажриба, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш имкониятларини аниқлаш ва экспорт қилувчи мамлакатлар бозорларини аниқлаш услублари тўғрисида маълумот берилди.

Икки ҳафталик семинарда туркиялик экспертлар “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналарга ташриф буюриб, уларнинг экспорт муаммоларини ўрганади. Сўнгра уни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ва кўрсатмалар ишлаб чиқади. Семинар якунида соҳанинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича аниқ стратегия ишлаб чиқилиши белгиланган.

1 355
ЎзА