ЎзА Ўзбек

11.10.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Экспертлар давра суҳбати

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа-холлида 11 октябрь куни “Фуқароларни жамият, иқтисодиёт ва муассасалар трансформацияси жараёнларига жалб этиш” мавзусида экспертлар суҳбати ташкил этилди.

Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Бош прокуратура, БМТ Тараққиёт дастури, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирилди. Унда мамлакатимизда ислоҳотларни амалга ошириш ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш доирасидаги давлат бошқаруви жараёнларига жамоатчиликни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари С.Ортиқова, Олий Мажлис қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раҳбари И.Абдуллаев, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурҳонов, БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги доимий вакили Х.Фрейзер ва бошқалар Ўзбекистонда давлат ва жамият ишларида фуқаролар иштирокини кенгайтириш бўйича кенг кўламли иш олиб борилаётгани, 2017 йилда қабул қилинган Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқарувининг янги моделини шакллантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ушбу концепция жамият ҳаётига татбиқ этилиши натижасида ҳукумат органлари фуқаролар талабларини устун қўйган ҳолда фаолиятини амалга ошириши ҳамда фуқаролар билан ўзаро мулоқотни яхши тарафга ўзгартириши кузатилмоқда.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда жамоатчилик иштироки бўйича қатор муассасалар, жумладан, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ташкил этилди. 2015 йилда ишга тушган regulation.gov.uz портали орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан танишиб, улар бўйича ўз таклифларини тақдим қилиш имкониятига эга бўлди. Халқ қабулхоналари тизими яратилгани фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини оширди.

2018 йил август ойи ҳолатига Халқ қабулхоналарига жами 2 миллион 176 минг мурожаат келиб тушган, уларнинг 95 фоизи кўриб чиқилган. Шунингдек, “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар электрон портали фуқароларни жалб қилиш бўйича фаол механизмга айланмоқда. У орқали фуқаролар долзарб ва ҳозирги кун учун муҳим бўлган мавзу бўйича мамлакат парламенти ёки ҳукуматига петиция юбориши мумкин.

Тадбирда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигидаги “Самарадор давлат бошқаруви ва рақамли трансформация ривожланишига ёрдам бериш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги моделини шакллантириш шароитларида жамоатчилик иштирокини ривожлантириш” мавзуидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Тақдимот чоғида Ўзбекистондаги жамоатчилик иштирокининг ҳозирги ҳолати, ушбу соҳадаги халқаро тажриба хусусида сўз юритилиб, мамлакатимиз учун зарур тавсиялар билдирилди.

Тадбирда ислоҳотлар жараёнидан аҳолини хабардор қилиш, шикоятларни тинглаш ва уларга жавоб бериш амалиётида пайдо бўлаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар самарадорлиги ошиши ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришишда муҳим аҳамият касб этади.



Зуҳра Мирзабоева, ЎзА
1 279