ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

«Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар» танлови эълон қилинди

«Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар» танлови эълон қилинди

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ёш авлод қалбида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳиссини ошириш, экожурналистика соҳасида ижод қилаётган журналистларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда «Экология мавзусига доир энг яхши мақолалар» танловини эълон қилади.

Танлов икки – матбуот ва интернет журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Танловга 2019 йилнинг 31 августидан 2020 йилнинг 30 ноябригача газета ва журналларда чоп этилган, ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган интернет сайтларида эълон қилинган материаллар қабул қилинади.

Танлов ғолиб ва совриндорларини аниқлаш ва мукофотлаш тартиби:

Танловга тақдим этилган ижодий ишлар тажрибали журналистлар ҳамда экология соҳаси мутахассисларидан таркиб топган ҳайъат аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланади.

Танлов ғолиб ва совриндорлари қуйидаги мукофотлар билан тақдирланади:

– 1-ўрин (1 та) – телевизор;

– 2-ўрин (2 та) – планшет;

– 3-ўрин (2 та) – смартфон.

Шунингдек, уч нафар рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлганларга Ўзбекистон «Қизил китоби» ҳамда бошқа совғалар топширилади.

Танлов натижалари 2020 йил, 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида эълон қилинади. Ғолиб ва совриндорларни тантанали тақдирлаш маросими 2020 йилнинг 10 декабрига қадар Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилади.

Танловга тақдим этиладиган ҳужжатлар:

Иштирокчининг паспорт нусхаси.

Фаолияти ҳақида қисқача маълумотнома.

Босма ОАВ ва интернет-сайтларда эълон қилинган камида учта мақола.

Ҳужжат ва материалларни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (Тошкент шаҳри, «Навоий» кўчаси 30-уй) га 2020 йилнинг 20 ноябрига қадар топшириш ёки уларнинг электрон нусхасини (94) 935-22-10 рақамига очилган телеграм каналига юбориш сўралади.

Танлов билан боғлиқ барча саволларга (71) 244-62-91, (97) 775-10-25, (93) 502-23-21 телефон рақамлари орқали жавоб олиш мумкин.

1 664