ЎзА Ўзбек

16.10.2012 17:04 Чоп этиш версияси

Экология ва экологик назорат

Тошкентда “Экологик назорат субъектларини аниқлашнинг долзарб масалалари. Экоҳаракатнинг жамоат экологик назоратини амалга ошириш борасидаги фаолияти” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбир Экоҳаракатнинг депутатлар гуруҳи ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, экология ва соғлиқни сақлаш масалаларига ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мутахассислари, Экоҳаракат фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан экологик муаммолар ва аҳоли соғлиғини сақлаш масалаларини ҳал этишга нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Улар мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларида амалга оширилаётган табиатни муҳофаза қилиш ишларида фаол қатнашмоқда. Маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органлари, табиатни муҳофаза қилиш давлат органларининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари экологик муаммоларни жойларда ва мамлакат миқёсида ҳал қилишга кўмаклашмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимидаги роли ва ўрнини мустаҳкамлаш, экология масалалари билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари, аввало, Экоҳаракатнинг табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари талабларини бажариш бўйича фаолиятининг янада фаоллаштирилиши, шунингдек, уларнинг атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича республикамиз ҳудудларидаги вазиятлар мониторингини амалга оширишда иштирок этиши белгилаб қўйилган.

– Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида иш олиб борувчи, экологик назорат тадбирларида иштирок этаётган 120 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари мавжуд, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари С.Сангинов. – Экоҳаракат ўзининг дастурий вазифаларига мувофиқ экологик назорат субъекти сифатида кўп қиррали фаолият олиб бормоқда.

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказиш учун махсус видеоролик тайёрланди, ушбу қонун лойиҳасининг концепцияси эса Экоҳаракатнинг интернетдаги сайтига жойлаштирилди.

Умуман 2011-2012 йилларда Ўзбекистон Экологик ҳаракати, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида 100 дан ортиқ тадбирлар ўтказилиб, улардан 58 таси ушбу қонун лойиҳасини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бевосита жамоатчилик иштирокида муҳокама этишга бағишланди. Бунда қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича 90 дан зиёд амалий таклифлар билдирилди.

Тадбирда асосий эътибор экологик назоратнинг муҳим вазифалари, принциплари ва субъектларига алоқадор қонун лойиҳаси қоидаларининг муҳокамасига қаратилди.

Семинарда, шунингдек, Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ва ҳудудий бўлинмаларининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлилий ишлари акс эттирилган “Экоҳаракат: тўрт йиллик йўл” номли тўпламнинг тақдимоти ўтказилди.


ЎзА, Роман Бондарчук
10 066