Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2017 17:27 Чоп этиш версияси

Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига бағишланган давра суҳбати

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ҳамда Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамкорлигида соҳадаги давлат дастурларининг жойлардаги ижроси юзасидан давра суҳбати ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси, давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари, ишлаб чиқариш корхоналаридан вакиллар ҳамда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари иштирок этди.

Мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли саломатлигини ҳимоялаш борасида фуқаролик жамияти институтлари, жамоат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикчиликни янада кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ечимини кутаётган, бартараф этилиши лозим бўлган экологик муаммолар ҳақида фикр юритилди. Жумладан, аҳолини, айниқса, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви билан таъминлаш, маиший чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш масалалари долзарб аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Соҳа ходимлари олдига қатор вазифалар қўйилди.

Тадбирда ана шундай вазифалар ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунлар ҳамда ушбу соҳадаги давлат дастурлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, депутатларнинг Ўзбекистон Республикасининг «Ўрмон тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан фикрлари, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди. Давра суҳбатида қайд этилганидек, ушбу қонуннинг мақсади ўрмонларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш ҳамда ундан оқилона ва тежамли фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир.

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларида жамоатчилик иштирокини кучайтириш, жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишда ННТнинг тажрибалари каби масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 879






Все о погоде - Pogoda.uz