Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.10.2017 20:37 Чоп этиш версияси

Экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш – муҳим масала

Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг дастурий вазифаларидандир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда мунтазам ўтказиб келинаётган “Онажоним табиат!”, “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя” ижодий танловлари ўқувчилар ҳамда талабаларнинг эътиборини экология масалаларига қаратиб, уларни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳаракат томонидан нашр этилаётган “Булоқча” ва “Родничок” журналлари ёшларнинг экологик таълим-тарбияси борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга, мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш ҳамда табиат ва инсон уйғунлигига эришишга кўмаклашаётир.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан Тошкент давлат аграр университетида “Ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш” мавзуида ўтказилган тадбир ҳам эзгу мақсадларда ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Экоҳаракат марказий кенгаши, Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси ходимлари, ўқитувчилар, талабалар иштирок этди.

Тадбирда ёш авлоднинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш, табиат ҳақидаги билим ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, она табиат ва унинг неъматларига меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашга қаратилган янги дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тизимга татбиқ этиш сингари масалалар муҳокама этилди.

Экологик таълим ва тарбия бугуннинг долзарб масалаларидан бири. Ҳар бир инсонда ўзи яшаб турган уй, кўча, маҳалла, қишлоқ ва шаҳарни ифлосланишдан асраш, уни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, табиий масканларни асл ҳолида сақлаш ва улардан унумли фойдаланиш, юртимиз табиатини муҳофаза қилиш сингари фазилатларни шакллантириш экологик тарбиянинг ажралмас қисмидир.

Тадбирда таълим муассасаларида экологик марказлар, экология клублари ташкил этиш, мунтазам равишда экофестиваллар ҳамда танловлар ўтказиш яхши самара бериши қайд этилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
1 261






Все о погоде - Pogoda.uz