Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.02.2018 08:40 Чоп этиш версияси

Экологик муаммолар ва ННТлар фаолияти

Андижонда “Экологик муаммоларни ҳал этишда нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий асослари, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги нормаларини амалиётга татбиқ этиш механизмлари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда Ўзбекистон Экологик ҳаракатига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари фаоллари, олимлар, экология соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган семинарда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, соҳага оид қонунлар ижросини таъминлаш, қонунлар мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, фуқароларнинг экологияга оид билими ва маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Мамлакатимизда экологик мусаффоликни таъминлаш, табиатни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Ҳ.Махсумов. –Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа кўплаб қонуности меъёрий ҳужжатлари қабул қилингани, соҳага оид ҳуқуқий асослар тўла шакллангани бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Семинарда мавзуга оид маърузалар тингланди. Тарғибот ишларини янада кучайтириш, фуқароларнинг экологик билим ва маданиятини юксалтириш юзасидан фикр алмашилди.

– Бугунги тадбирда вилоятимиздаги экологик ҳолат, унинг ҳаётимизга таъсири, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этишда қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида кенг маълумотлар олдик, – дейди Андижон шаҳридаги 4-маҳалла фуқаролар йиғини раиси Т.Исроилова. – Бир сўз билан айтганда, юртимизда экологик мусаффоликни сақлашда ҳар бир фуқаро, кенг жамоатчилик фаол ва ҳамжиҳат бўлсагина кутилган натижага эришиш мумкинлигини англадик.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Фаҳриддин Убайдуллаев, ЎзА
6 876