ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Экологик кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш – асосий мақсад

Экологик кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш – асосий мақсад

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги ғоялар ҳамда Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги кейинги қадам сифатида сиёсий майдонда янги – Ўзбекистон Экологик партияси ташкил этилиши мамлакатимиз тарихида алоҳида саҳифа бўлиб муҳрланди.
Партиянинг вужудга келиши Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги нуфузини, имижини ошириб, давлатимизнинг экологик масалаларга юксак эътибор қаратаётганининг яққол намунаси бўлди.

Ўтган қисқа давр мобайнида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий партия ташкилотлари ҳамда 201 та туман ва шаҳарларда партия бўлимлари ташкил этилди, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 1200 тадан ошди. Амалга оширилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида бугунги кунда партия аъзолари сони 247 минг нафарга яқинни ташкил этмоқда, шундан 91 минг нафарга яқини (39 фоизи) хотин-қизлардан иборат.

Шунингдек, партиянинг янги сайти ишга туширилди, партияга электрон аъзо бўлиш тизими яратилди, партиянинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари очилди. Энг муҳими, партия фаолиятига хайрихоҳ бўлган 57 та вазирлик, идоралар ва бошқа давлат органлари ҳамда олий таълим муассасалари билан ижтимоий шерикликка асосланган меморандум ва келишувлар имзоланиб, ижроси таъминланмоқда.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Экологик партияси томонидан амалий тадбирларни ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Ҳудудлардаги барча экологик муаммолар инвентаризация қилиниб, уларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилди. Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга кўмаклашиш мақсадида партия фаоллари томонидан “Оролга мадад” экологик хайрия ҳашарлари ташкил этилиб, 500 килограммдан ортиқ саксовул уруғи Оролбўйига етказиб берилди. Ҳомийларнинг амалий кўмаги асосида Хоразм вилоятининг Боғот, Шовот, Янгиариқ туманларидаги таълим муассасаларига соатига 500 литр сувни тозалайдиган ва чучуклаштириб берадиган сув тозалаш ускуналари ўрнатилди.

Ёз мавсумида жамоатчиликни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш мақсадида “Биз тоза Чимён учун” экологик акцияси ташкил этилиб, “Чимён оромгоҳи” соғломлаштириш мажмуаси ҳудудида маиший чиқиндилардан тозаланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш концепцияси ижросини таъминлаш мақсадида ёзги болалар дам олиш оромгоҳларида ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида “Очиқ осмон остида экомактаб” машғулотлари ўтказилди.

Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”нинг кириш йўлагига ҳамда ушбу туманнинг чекка ҳудудларидаги тиббий муассасаларга қуёш коллекторлари ва батареялари ўрнатилди.

Ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Экологик партияси “Ишонч телефони” самарали фаолият олиб борди. “Ишонч телефони”га фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида саноат корхоналарида жамоатчилик эшитувларини ўтказиш тизими йўлга қўйилди. Бугунги кунга қадар 7 та йирик саноат корхонасида жамоатчилик эшитувлари ташкил этилди. 

Вазиятни холис баҳолаш учун корхоналарга туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказиш амалиёти жорий қилинди. Жумладан, “Аммофос-Максам” АЖ, “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ, “Тошкент труба заводи” МЖЧ ҳамда “Агро-Пекин” МЖЧ фаолиятининг корхонага туташ ҳудудларида атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири ҳолатига бағишланган жамоатчилик эшитувлари ўтказилди. Бугунги кунда уларнинг назорати амалга оширилмоқда.

2019 йилнинг 17-22 октябрь кунлари Ўзбекистон Экологик партияси томонидан Ўзбекистонда илк бор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилинишига, Орол фожиаси ҳақиқатдан ҳам глобал миқёсдаги муаммо эканлигига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш мақсадида “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Мўйноқ шаҳарларида халқаро экологик марафон ўтказилди. Унда 30 мингдан ортиқ фуқаро фаол иштирок этди.

Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан 2019 йилнинг 1 ноябридан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар дарахтларнинг кесилишига қарши мораторий эълон қилинди. Таъкидлаш лозимки, партия томонидан экологик инновацион технологияларни жорий этиш бўйича ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, бугунги кундаги долзарб экологик муаммолардан бири бўлган полиэтилен пакетлар ўрнига биологик чирийдиган пакетлар жорий этилишига эришилди. Шунингдек, саноат чиқиндиларини, хусусан фосфогипсни қайта ишлаш бўйича ихтирони ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳукуматга таклиф киритилди. Ёш авлодни табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида, болажонлар учун уй шароитида етиштириш ва парвариш қилиши мумкин бўлган мева ва сабзавот уруғлари мактабларга беғараз тарқатилди.

Аҳолини, айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги аҳолини сифатли ичимлик сув билан тўлақонли таъминлашни ташкил этиш, йирик шаҳарлар атрофида “яшил қалқон”лар барпо этиш, атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташланмалар миқдорини камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини янада ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш биринчи галдаги вазифаларидандир.

Мазкур масалаларни ҳал этиш учун тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар ишлаб чиқиш партия олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Экологик барқарорликни таъминлашда ҳуқуқий асос бўлган мажмуавий характерга эга Экологик кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсад этиб қўйилган.

Эзгу мақсад йўлида бирлашиб, шиддат билан ривожланаётган юртимизда бугунги кун талабларига мос келадиган, амалга оширилаётган ислоҳотлар билан қадамма-қадам юриб, нафақат бугунги балки, келажак авлодни келгусида қулай шароитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қиладиган Ўзбекистон Экологик партияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқароларнинг саломатлигини сақлашни ўзининг бош мақсади деб ҳисоблайди.

Борий АЛИХОНОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
марказий ижроия қўмитаси раиси.

1 749
ЎзА