ЎзА Ўзбек

16.09.2019 Чоп этиш версияси

ЕХҲТнинг Варшавада очилган кенгашида журналистлар хавфсизлиги масаласига эътибор қаратилган

ЕХҲТнинг Варшавада очилган кенгашида журналистлар хавфсизлиги масаласига эътибор қаратилган

ЕХҲТ(Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти)нинг Инсон мезонлари бўйича кенгашида дунёнинг 57 давлати қаторида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда

Варшава шаҳрида (Польша) бугун ЕХҲТнинг Инсон мезонлари соҳасидаги мажбуриятларни бажариш таҳлилига бағишланган 23-кенгаши ўз ишини бошлади.

Кенгаш йиғилишида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Делегация таркибида Олий Мажлис палаталари, Марказий сайлов комиссияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Олий суд ва Адвокатлар палатаси вакиллари бор.

Мазкур кенгаш Европадаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг йирик анжуман бўлиб, йилига бир марта Варшавада ўтказилади. Мазкур мулоқот майдонида ЕХҲТга аъзо 57 давлатнинг расмий делегациялари, ҳамкор давлатлар, халқаро ташкилотлар ва уларнинг ихтисослаштирилган муассасалари, шунингдек нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирок этади.

ЕХҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ва нодавлат секторлари вакиллари бағрикенглик ва камситмаслик, қонун устуворлиги, асосий эркинликлар, гуманитар ва бошқа масалаларни ўз ичига олган инсонийлик мезонлари соҳасида қабул қилинган мажбуриятларининг бажарилиши ва бу борада эришилган ютуқлар ҳақида ҳисобот беради.

– Кенгаш йиғилишини Польша ташқи ишлар вазири, Словакия ташқи ишлар вазири, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси (ДИИҲБ) директори, ЕХҲТ Бош котиби, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Президенти ва ЕХҲТ интситутларининг раҳбарлари очиб берди, - деди биз билан телеграмм орқали мулоқот қилган Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Гулноза Раҳимова. - Кенгаш давомида ўн саккизта амалий сессиядан ташқари бошқа тадбирлар ҳам ташкил этилади. Муҳокамалар кун тартибидан “Журналистлар хавфсизлиги” ва “Аламзадаликдан келиб чиқадиган жиноятлар” каби мавзулар ҳам жой олган. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази директори А.Саидов сўзга чиқди.

Кенгашда Ўзбекистон делегацияси мамлакатни ривожлантиришнинг янги босқичига оид амалий чора-тадбирлар, мамлакатни модернизация қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонун устуворлигини таъминлашнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларни рўёбга чиқариш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маърузаларни ҳам тақдим этади.

Кенгаш йиғилиши 27 сентябрга қадар давом этади. Унда кўриб чиқилган масалалар моҳияти ва хулосалар ҳақида яна хабар берамиз.

5 100
Норгул Абдураимова, ЎзА