ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

ЕХҲТ йиғилишида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тақдим этилди

ЕХҲТ йиғилишида Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тақдим этилди
Прага шаҳрида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти 28-иқтисодий ва экологик форумининг "Инновацияларни қўллаш, шаффофликни ошириш ва рақамлаштириш орқали коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш орқали ЙХҲТ минтақасида хавфсизлик, барқарорлик ва иқтисодий ўсишни таъминлаш" мавзусидаги якуний йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган ушбу тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистондан бош маърузачи сифатида иштирок этди.

ЕХҲТ Иқтисодий ва экологик форуми йиллик сўнгги йиғилиши ташкилотнинг иқтисодий ҳамда экологик ўлчови доирасида сиёсий мулоқотни рағбатлантириш, тузилмага аъзо давлатлар учун иқтисодий, шу билан бирга, экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича энг юқори даражадаги асосий йиғилишдир.

Форумда Бош котиб вазифасини бажарувчи, ЕХҲТ Низоларнинг олдини олиш бўйича Маркази директори Туула Юрёля, Чехия Республикаси ташқи ишлар вазири Томаш Петричек, Албания Европа ва ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Гент Чакай, ЕХҲТга аъзо 57 давлат ва 11 шерик мамлакат, ҳамкор, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Учрашув доирасидаги ялпи мажлисларда коррупциянинг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, соҳада самарали бошқарув ва қонун устуворлигининг аҳамияти масалалари муҳокама қилинди.

Мунозаралар давомида бу борадаги муаммоларни ҳал этиш ЕХҲТга аъзо давлатлар учун устувор вазифа бўлиб қолиши, иқтисодий ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарорлик хавфсизликни таъминлаш учун долзарб экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг ЕХҲТдаги Доимий вакили, мамлакатимизнинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев йиғилишнинг "Рақамли технологиялар ёрдамида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш" мавзусидаги биринчи сессиясига бошчилик қилди ва Ўзбекистоннинг электрон давлат бошқаруви тизимида ҳамда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтиришда рақамлаштиришдан фойдаланиш фаолияти билан таништирди.

Форумнинг иккинчи сессиясида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори A.Бурхонов маъруза қилди.

Иштирокчиларга сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасидаги самарали чора-тадбирлар, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятининг мақсад, вазифалари, асосий йўналишлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмини такомиллаштириш, коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги самарали алоқани йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

1 328
ЎзА