ЭГАСИ БОР ЮРТ ёхуд бугуннинг сабоқлари
Карантин фақатгина ҳимояланиш эмас, балки ҳимоя ҳам қилишдир. Бунда ҳам бир ҳикмат бор…
Юрт бошига синов тушди…Огоҳлик ва эҳтиёткорлик биринчи ўринга чиқди. Ҳар бир кишининг ўз саломатлиги учун курашиши, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя этиши нафақат ўзи, балки оила аъзолари, яқинлари учун ҳам қилган яхшилигига айланди. Бугун кишиларнинг тинчгина ўз уйида ўтириши энг хайрли вазифа бўлди.
Карантин фақатгина ҳимояланиш эмас, балки ҳимоя ҳам қилишдир. Бунда ҳам бир ҳикмат бор…
Оталар ҳамиша ўз оиласини ва фарзандларини, умуман, қўрғонини ҳимоя қилишган. Азалдан шундай. Ўзбек оталари эса инчинун. Эл бошига иш тушса, эр бошига тушгани. Бундай пайтда юрт отаси доим масъулиятни бўйнига олган ва барчага ишонч берган. Ҳамма гап ана шу ишонч ва ўз вақтида қўлланган чораларда…
Ҳаёт эса давом этаверади. Айни дамда кимлардир «Биз сиз учун ишдамиз, сиз биз учун уйда ўтиринг!» деб жонбозлик қилишмоқда. Аксарият аҳоли уйда ва турли ўйда… Бировлар эса мажбур – йўлда, кўча-кўйда. Чунки яшаш керак.
Инсон – хом сут эмган банда. Банда эканмиз, баъзан шукр қилишни унутиб қўямиз. Яшириб нима қилдик, ишга бораётиб, кўчада автобус беш дақиқага ёки метро икки дақиқага кечикса сиқилиб, кимларнидир айблаган вақтларимиз бўлган. Аммо 22 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида жамоат транспорти қатнови вақтинча тўхтатилди. Кўчага чиққан ёки чиқмоқчи бўлган киши бу ишлардан сиқилгани йўқ, нолигани ҳам йўқ. Чунки барчаси халқнинг саломатлиги, ўзини-ўзи асраши учун. Барчамизни – халқимизни Яратганнинг ўзи асрасин.
Энг катта бойлик – тинчлик ва сиҳат-саломатлик эканлигини бугун барчамиз тўла англаб етяпмиз. Меҳр-оқибатлилик, юксак инсонийлик ўзбекнинг қон-қонига сингиб кетган ва бугун бу фазилатлар рўй-рост намоён бўлмоқда.
Давлат ўзининг давлатлилигини кўрсатмоқда. Эгаси бор юрт эканлигимиз, ҳаётимиз, тақдиримиз, эртамиз учун қайғурадиган Юртбошимиз, мутасаддилар борлиги бизга таскин бермоқда. Барча саъй-ҳаракатлар халқ учун! Халқнинг тинчлиги ва хотиржамлиги учун! Ҳокимликлар ҳам вазият барқарорлиги учун курашмоқда. Бозорларда нарх-навонинг ошиб кетмаслиги, аҳоли эҳтиёжи учун керакли маҳсулотларнинг ўз вақтида бўлиши, танқисликнинг юзага келмаслиги учун масъулиятни ўз зиммаларига олишмоқда.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси орқали намойиш этилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, онлайн дарслар, масъуллар билан олиб борилаётган суҳбатлар, муҳим саволларга ўз вақтида берилаётган жавоблар барчаси янги Ўзбекистоннинг ўз йўлини намоён этмоқда.
Ўз вақтида қилинаётган бундай хайрли ишлар, чора-тадбирлар, халқпарварлик, инсонпарварлик ва халқ саломатлиги ва хотиржамлиги йўлидаги жонбозлик учун ҳукумат раҳбарларига, барча мутасаддиларга, айниқса, тиббиёт ходимларига чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Халқимизнинг боши омон бўлсин! Қаторимиздан биров кам бўлмасин! Ўзбекнинг меҳр-оқибати ўлмасин! Халқимизни Яратганнинг ўзи асрасин!
Дарвоқе, масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бу синовли дамлар юртдошларимизнинг янада жипслашиши, бир фикрда бўлиши ва ҳар бир нарсанинг қадрига етиши кераклигини исботлаб бермоқда.
Сал етишмовчилик бўлса нолийдиган бўлдик, эрта-индин ҳал этиладиган бир муаммо устидан ёзиб ёки телефон орқали видеога олиб тарқатиб юборишни одат қилдик. Беш дақиқа кечикиб келган «Тез ёрдам» ходими ҳақорат қилинди, ҳатто уларга қўл кўтарилди. Шифохоналарда беморга қарашга улгурмай қолган врачлар эътиборсизликда, таъмагирликда айбланди.Фарзандимизга қаттиқ гапирган, уй вазифасини бажармаган ёки тартиб-интизомга риоя қилмаган ўқувчини тергаган ўқитувчи балога қолди…
Негадир камчилик ахтаришга ўрганиб қолдик. «У ёқда ундай, нега бу ёқда бундай?..» қабилидаги саволлар чиқадиган бўлди. Аммо ўйлаб кўришга, фикр қилишга, баъзан айбни ўзимиздан ҳам ахтаришга, борига шукрона келтиришга кўпам одатланмадик. Орзуларимиз сабаб гоҳо ўзимизни қадрсиз қилдик. Гоҳида жонимиз кўзимизга кўринмай ҳавойига ўхшаб қолдик…
Аммо бугун ҳаммасидан кўра, жонимиз ширин эканлигини англаб етдик. Жонимиз, бошимиз омон бўлмаса, барчаси бекор эканлигини тушундик. Ахир давлатнинг, ҳукуматнинг, таъбир жоиз бўлса, ҳар биримизнинг қилган саъй-ҳаракатларимиз ўзимиз учунлигини фаҳмладик! Ўзимиз ким? Шу миллат фарзандлари. Фарзандлар эса – оилалар. Оилалар бирлашиб, маҳаллага айланган. Маҳалла-қўрғонлар бирлашиб, сарҳадларимиз жипслашиб мамлакат – юрт бўлган. Юртнинг эгаси, унинг ўз айтар сўзи, борар йўли бор экан, асло хавотирга ўрин қолмайди. Фақат меҳр-оқибат ва ишонч бўлса бас!
Меҳр-оқибатимиз зиёда бўлсин, азиз юртдошим! Ўзингизни асранг, зеро, ўзини асраганни Тангри ҳам асрайди!
Холиёр САФАРОВ,
«Ўзбекистон тарихи» телеканали катта муҳаррири.