ЎзА Ўзбек

30.05.2016 19:51:02 Чоп этиш версияси

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишга қаратилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остидаги саломатлик ҳафталиги бошланди.

Тошкент вилояти Чиноз тумани тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли поликлиникасида ҳафталик доирасида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикда Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2014 йил 1 августдаги “2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарорлари бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Вилоятда айни пайтда 53 шифохона ва 303 қишлоқ врачлик пунктида 4 минг 700 дан ортиқ шифокор ва 30 мингга яқин ўрта тиббиёт ходими аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда.

– Ҳафталик давомида кам таъминланган оилалар вакиллари, ёлғиз қариялар ва ногиронлар тиббий текширувига алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти Тошкент вилояти филиали директори Камола Тўлаганова. – Текширувларга малакали кардиолог, терапевт, офтальмолог, стоматолог, невропатолог, травматолог ва бошқа шифокорлар гуруҳлари жалб этилган. Ташхис қўйишда энг замонавий тиббий ускуналардан фойдаланилмоқда. Касаллиги аниқланган беморлар тегишли тартибда тиббиёт муассасаларида соғломлаштирилади.

Ҳафталик доирасида шифокорлар хонадонларда бўлиб, нуронийлар, жисмоний имконияти чекланганлар ҳолидан хабар олмоқда. Мулоқотларда оилада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш юзасидан тушунтириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.