ЎзА Ўзбек

20.04.2019 21:41 Чоп этиш версияси

Ҳеч бир қилмиш жазосиз қолмайди

Ҳеч бир қилмиш жазосиз қолмайди

Отабек (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Хатирчи тумани “Ватанпарвар” корхонасида ўргатувчи инструктор лавозимида ишлаб келади ва ўзини фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаб беришга қодир шахс сифатида кўрсатади.

Шу тариқа бир куни у Ботирга ҳайдовчилик гувоҳномасини Навоий вилоят ИИБ ходимлари орқали янгилаб беришни айтади ва ИИБнинг мансабдор шахсларни рози қилиш эвазига унга ҳайдовчилик гувоҳномасини янгилаб беришини айтади.

Ботир эса Отабекнинг бу талаби жиноят эканини тушуниб, унинг жиноятига чек қўйиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.

2019 йилнинг 9 январь куни соат 18:50ларда, Отабек Хатирчи туманида яшовчи Ботирдан 200.000 сўм миқдордаги пулларни олган вақтида, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Навоий вилояти бўлими ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади.

Ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Ким учундир арзимас маблағ бўлиб туюлса-да, пора олиш жиноятини содир этган ҳар қандай шахсга қонун ўз ҳукмини ўтказади.

2019 йил 2 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Навбаҳор туман суди томонидан “Ватанпарвар” корхонаси ходими Отабекка нисбатан жиноят иши кўрилиб, ҳукм ўқилди.

Суд томонидан Отабек Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 28, 211-моддаси 1-қисми ва 168-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, 2 йил 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Маъмуржон Қодиров,
Жиноят ишлари бўйича 
Навоий вилоят суди судьяси 

ЎзА
4 232