ЎзА Ўзбек

27.08.2018 21:03 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжмандларга байрам туҳфаси

Эҳтиёжмандларга байрам туҳфаси Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 20, уй-жойга эҳтиёжи бўлган 70 нафар фуқарога янги уйлар калити тантанали равишда топширилди.

Бу янги уй соҳибларига энг улуғ, энг азиз айёмга ажойиб байрам туҳфаси бўлди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанада мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар барча соҳаларда юксак самаралар бераётгани, ижтимоий ҳимоя давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди.

3 (2).JPG

Мазкур 5 қаватли 2 та уй “Ойбек барака сервис” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан 10 ойда қуриб битказилди. Уйларни қуришда вилоятда ишлаб чиқарилган замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

– Шу вақтга қадар Янгиер шаҳрида 5 қаватли уй қурилмаган, бу дастлабкиси, – дейди “Ойбек барака сервис” МЧЖ раҳбари Нуриддин Қобилов. – Ҳар бирининг лойиҳа қиймати 7 миллиард 411 миллион сўмдан бўлган ушбу уйлар 90 оилага мўлжалланган. Хонадонлар энг замонавий иситиш тизими, табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва бошқа барча зарур коммуникация хизмати тармоқларига уланган.

5 (1).JPG

Тадбирда уй эгаларига хонадон калити билан бирга вилоят, шаҳар ҳокимликлари, ҳомий ташкилотларнинг эсдалик совғалари ҳам топширилди. Шунингдек, уйлар қурилишида фаол иштирок этган қурувчилар ҳам муносиб тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев иштирок этди.

Абдужалол Қаюмов, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
4 509