Эҳтиёжманд оилаларга 50 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари берилди
Хайрия карвонининг илк манзили “Хонобод“ маҳалласи Шифокорлар кўчаси бўлди.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга 50 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шаҳар ҳокимлиги ташаббуси ҳамда маҳаллий тадбиркорларнинг кўмаги билан бугун ҳудудда “Саховат ва кўмак“ умумхалқ ҳаракати доирасида катта хайрия акцияси ўтказилди. 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган автоуловлар маҳаллаларга йўл олди.
Хайрия карвонининг илк манзили “Хонобод“ маҳалласи Шифокорлар кўчаси бўлди. Бу ерда истиқомат қилувчи Озода опа ва унинг турмуш ўртоғи карантин сабаб вақтинча ишсиз. Етти нафар вояга етмаган фарзанди эса ейиши, ичиши керак.
– Бугун давлатимизнинг бағрикенглиги, меҳр-мурувватини дилдан ҳис қилдим, – дейди хонадон бекаси О.Авазова. – Хайрия жамланмаси хонадонимизга қувонч бағишлади. Мен Президентимизга, ҳукуматимизга, шу жумладан, шундай хайрли амалларни уюштирганларга миннатдорчилик билдираман.
Шу куни 21 та маҳалладаги эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган, карантин туфайли вақтинча ишсиз қолган, боқувчисини йўқотган ҳамда оғир турмуш шароитидаги 100 та оиланинг ҳар бирига 506 минг сўмлик озиқ-овқат жамланмаси берилди.
Яхшиликнинг чегараси йўқ. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам бир яхшилик. Зеро, муқаддас китобларимизда қайд этилганидек: “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир“.
Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.