Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.08.2017 15:31 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд оилалар ҳам уйли, ҳам ишли бўлди

Навоий вилоятида жисмоний имконияти чекланган ва уй-жойга муҳтож хотин-қизларга Президентимиз номидан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган уй-жойлардан олиш имконини берувчи махсус сертификатлар ва замонавий тикув машиналари топширилди.

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, айниқса, ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг эмин-эркин яшаши, истеъдод ва имкониятини юзага чиқаришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг жорий йил 1 августдаги “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбари номидан бошланғич бадал тўлови амалга оширилган 20, маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан 4 янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларга эгалик ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилиши нафақат уларнинг ўзи ва яқинларини, балки бутун вилоят аҳлини беҳад мамнун қилди. 

Карманалик Ҳамроевлар оиласига шундай сертификат топширилгани улар учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди. Оила бошлиғи Акмал Ҳамроев болаликдан II гуруҳ ногирони. Тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғи Гулмира ҳам II гуруҳ ногирони. Шундай бўлса-да, аҳил оила келажакка ишонч билан 2 нафар фарзандни тарбияламоқда. Фарзандларидан бири ҳам худди шундай ногирон. 4 хўжалик бир ҳовлида яшайди. Мана энди давлатимиз ғамхўрлиги билан бу оилага алоҳида уй бериладиган бўлди.

– Бу хушхабарни эшитиб, тилим калимага келмай қолди, ўзимни тутиб туролмадим, – дейди Акмал Ҳамроевнинг онаси Меҳринисо ая. – Мен каби кўнгли ярим онаизорнинг фарзандлари ҳам эмин-эркин, бахтиёр ҳаёт кечириши учун шундай шароит яратиб бераётган Президентимиздан, ҳукуматимиздан жуда миннатдорман. Ногирон келиним ва ўғлимнинг ҳаётга иштиёқи, эртанги кунга ишончи янада ортди. Дон маҳсулотлари корхонасидан келинимга тикув машинаси совға қилишди, касаначи сифатида ишга ҳам олишди. Имтиёзли кредит асосида берилган уйнинг банк тўловларини ўз меҳнати ортидан қоплайдиган бўлди. Кўнгли ярим болаларим ҳам эл-юртга наф келтиради, ҳамма қатори ўз меҳнати билан рўзғор тебратади. Хурсандчиликдан ўзимга сиғмай кетаяпман. Илоё, юртимиз тинч бўлсин, давлатимиз раҳбари омон бўлсин. 

Тадбирда эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 44 нафар хотин-қизга тикув машиналари топширилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 411






Все о погоде - Pogoda.uz