ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:30 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд оилага 20 миллион сўм берилди

Эҳтиёжманд оилага 20 миллион сўм берилди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Бўз, Улуғнор ва Балиқчи туманларидаги қатор маҳаллаларда бўлиб, аҳоли ҳаёти, турмуш тарзи билан танишди, одамлар билан мулоқотлар ўтказди. 

Вилоят ҳокими Бўз туманида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари, аҳоли хонадонларида томорқадан қандай фойдаланилаётгани билан қизиқди.

Чорвадор маҳалласи туманнинг кундан-кунга обод бўлаётган масканлардан бири. Маҳалла қиёфаси, айниқса, кейинги икки йилда тубдан ўзгарди, қатор савдо, хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, ишга туширилди. Оилавий тадбиркорлик, томорқадан унумли фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳоким маҳалланинг Чорвадор кўчасида истиқомат қилувчи Рустамжон Турғунов, Холтожихон Рустамовалар хонадонида бўлиб, уларнинг томорқадан фойдаланиш, етиштирилаётган помидор, бодринг, картошка ва бошқа сабзавот экинлари парваришидаги ўзига хос тажрибаси билан танишди.

photo5307985592925137892.jpg

– Хонадонимиздаги 4 сотих ерда иссиқхона қурганмиз, – дейди Рустамжон Турғунов. – Помидор, бодринг ва кечки помидор экиб, ҳар йили камида икки марта ҳосил оламиз. Даромадимиз ёмон эмас. Шунинг ҳисобидан янги уйлар қуряпмиз, тўйлар қиляпмиз. Энг муҳими, бугун ишлаган, интилган одам ҳаётини янада яхшилаш учун барча шароит ва имконият мавжуд.

Шундан сўнг вилоят ҳокими туман марказида қад ростлаган туман прокуратураси янги биноси очилишида иштирок этди.

“Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш” хусусий корхонаси томонидан қарийб 5 миллиард 407 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган бино туман марказига ўзгача кўрк бағишлади.

Шу куни вилоят ҳокими тумандаги қатор хонадонлар, таълим муассасаларида ҳам бўлди. Аҳоли билан мулоқот жараёнида Янгиобод, Кўҳинур маҳаллаларида яшовчи, имконияти чекланган Хайрулло Нуралиев, Мирзоҳид Ортиқовга намунали лойиҳалар асосида қурилаётган янги уйлардан олиш учун бошланғич тўловлар тўлаб берилди. Чорвадор маҳалласида қийин шароитда яшаётган Жумагул Олломуродовага тикув машинаси, истеъдодли фаол ўқувчиларга китоблар жамланмаси, мусиқа асбоблари совға қилинди.

photo5308023715054856861.jpg

Вилоят раҳбари Улуғнор туманидаги "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Шунингдек, маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглади.

– Вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан бўлган маҳалламизда 3 минг 300 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди "Янгиобод" маҳалла фуқаролар раиси Абдимурод Қодиров. – Аҳолининг кўпчилиги хотин-қизлардир. Тўғри, уларнинг бандлигини таъминлашда муаммолар кўп. Шу боис, маҳалламизда тикувчилик цехи ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Ушбу таклиф юзасидан ҳоким туман ҳокими, "Пахтасаноат" уюшмаси вилоят бошқармаси раҳбарига маҳалла ҳудудида 200 ўринли тикув-трикотаж корхонаси ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Шу куннинг ўзида маҳалла ҳудудидан корхона қуриш учун ер майдони ажратилди. Шунингдек, маҳалланинг Зебо, Сардоба, Мадад, Бибирухсор, Текшўр кўчаларидаги 3 километрлик йўлга асфальт ётқизиладиган, 1 километр йўлга шағал тўшаладиган бўлди.

Балиқчи туманидаги Олчазор маҳалласи аҳлининг томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги ишларига вилоят ҳокими юқори баҳо берди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бир гуруҳ фаол фуқароларга ёрдам кўрсатди. Жумладан, эҳтиёжманд оила соҳибаси Маликахон Режабоева оиласига намунали лойиҳа асосида барпо этилаётган уй-жойлардан олиш учун 17 миллион сўм бошланғич тўлов тўлаб берилгани тўғрисидаги, Зиёдахон Аҳмаджоновага навбатсиз уй-жой олиш ҳуқуқини берувчи сертификат, Санобархон Саримсоқовага бир бош қорамол берилди. Бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар вакилларини қийнаётган муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди.

– Ўғлим 27 ёшда, уни уйлантириш ҳаракатидамиз, – дейди эҳтиёжманд оила соҳибаси Ҳалимахон Мадалиева. – Ҳоким билан суҳбатда ҳозир тўй қилишга имкон топа олмаётганимизни, насиб этса, ҳосилни йиғиштириб кейин тўйни ўтказиш ниятида эканимизни айтдим. Раҳмат, тўй учун 20 миллион сўм маблағ берди. Бундан беҳад мамнунмиз.

Президентимиз ташаббуси билан олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар, фуқароларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик юртдошлари
мизнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Шу билан бирга, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга, фидойи бўлишга ундамоқда.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
2 178