Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.08.2017 19:34 Чоп этиш версияси

Эҳтиёжманд фуқароларга замонавий уй-жойлар совға қилинди

Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, кам таъминланган оилалар, ўзгалар кўмагига муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Бекобод шаҳарлари, Паркент, Юқори Чирчиқ туманларида кам таъминланган оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Президент совғаси – намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий уйлар тантанали равишда топширилгани фикримиз тасдиғидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирларда 4 нафар ногирон ва эҳтиёжманд фуқарога янги хонадонларнинг калити топширилди.

Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Моҳира Қорабоевага Навбаҳор маҳалласидаги янги уйлардан бирининг калити берилди. Шунингдек, янги тикув машинаси берилиб, ишга жойлаштирилди.

Паркент туманида ўтказилган тадбирда тумандаги 46-умумтаълим макабида 21 йилдан буён дарс бериб келаётган Турсуной Нурсодиқовага Истиқбол маҳалласида янги курилган 6 сотихдан иборат 4 хонали уй топширилди.

– Турмуш ўртоғим вафот этгач, икки фарзандим билан ижарада яшашга мажбур бўлдик, – дейди Т.Нурсодиқова. – Оладиган маошимни рўзғорга ишлатаманми, уйнинг ижара пулини тўлайманми?.. Хуллас, жуда қийналдим. Бироз ўнғайсиз бўлса-да, уй-жойга муҳтожлигим туфайли туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Яратганга шукур, Президентимиз томонидан менга янги қурилган замонавий уйлардан бири совға қилинди. Ўқитувчи бўлганим боис, ҳаммасини яхши тушунаман. Президентимиз муҳим давлат ишлари билан банд бўлсалар-да, оддий фуқароларнинг яшаш шароити, туриш-турмуши билан алоҳида қизиқади, нафақат ўзи, балки катта-кичик барча мутасаддиларни муҳтожларнинг турмушини яхшилашдек эзгу ишга руҳлантирмоқда. Бу эса одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.

Жорий йил охирига қадар вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга яна 66 уй-жой топширилиши режалаштирилган.

Шу куни Бекобод шаҳридаги 29 нафар ногирон ва эҳтиёжманд фуқарога янги уйларнинг бошланғич бадали Президентимиз томонидан тўлангани тўғрисидаги сертификатлар топширилди. 180 фуқарога ногиронлар аравачаси ва бошқа турли воситалар, 50 фуқарога мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўлланма берилди.

Тадбирларда Тошкент вилояти ҳокими Ш.Бобоев сўзга чиқди.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
2 219






Все о погоде - Pogoda.uz