Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.04.2017 15:55 Чоп этиш версияси

Эҳтиром ва эъзоз

Эҳтиром ва эъзоз Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда Ватанимиз равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётгани мамлакатимизда инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганининг далолати.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 4 апрелдаги "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ва "Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори нуронийларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги ифодасидир.

Мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги вакиллари “Нуроний” жамғармаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олмоқда.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Л.Бузруков, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ў.Мирзаёров ва бошқалар пойтахтимизнинг Олмазор туманида истиқомат қилаётган тўқсон беш ёшли Аминжон ота Алиевга Президентимиз номидан пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совға-саломларни тантанали тарзда топширди.

А.Алиев урушдан қайтгач, Тошкент тиббиёт академиясида ўқиди. Институтни битиргач, қирқ йил тиббиёт соҳасида самарали фаолият юритди. Турмуш ўртоғи Раҳбархон ая билан олти фарзандни тарбиялади. Уларнинг барчаси ота касбини танлаб, тиббиёт тизимида фаолият кўрсатмоқда.

Она юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида фидойилик кўрсатган инсонларнинг Ватан олдидаги хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Аминжон отанинг ҳам меҳнати эътироф этилиб, истиқлол йилларида Биринчи Президентимиз фармонларига биноан “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари билан тақдирланди.

– Умримнинг энг навқирон чоғи уруш деб аталган офат даврига тўғри келди, – дейди Аминжон ота. – У совуқ кунларни эслашни ҳам хоҳламайман. Инсон учун тинчлик ва тотувликдан кўра қадрлироқ неъмат йўқ. Яратганга беҳисоб шукр, мамлакатимиз мустақиллигини ҳам кўриш насиб этди. Набираларим кўмагида пойтахтимизни айланишни яхши кўраман. Осмонўпар иморатлар, қурилаётган янги уй-жойлар, истироҳат боғларини кўриб, завқим ошади. Фарзандларимга “Бугун юрт равнақи йўлида меҳр бериб фидойилик кўрсатиб ишлайдиган замон келди”, дейман. Бунинг омили – истиқлолимизга умрбоқийлик тилайман.

Катта ҳаётий тажрибага эга мўътабар нуронийларимиз турли тадбирларда, ёшлар билан суҳбатларда тинчликнинг, бугунги осойишта ва фаровон кунларнинг қадрига етиш ҳақида тўлқинланиб гапиради. Ана шулар қаторида пойтахтимизнинг Олмазор туманида яшовчи тўқсон икки ёшни қаршилаган Василий Ғаниев ҳам бор. Отахоннинг хонадони ҳам шу кунлари йўқлаб келувчилар билан гавжум. Яқинлари, оила аъзолари бир дастурхон атрофида йиғилган.

В.Ғаниев 18 ёшида фронтга кетган. Жанглардан бирида қаттиқ яраланган. У ҳозир ҳам жанговар дўстлари, ҳарбий хизматни ўтаган жойларини тез-тез хотирлайди. Отахон урушдан сўнг умрини ҳарбий хизматга бағишлади.

Кекса авлод вакилларига давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ҳамма нарсадан устун экани далолатидир. Жорий йилда ҳам отахонга Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясида саломатлигини мустаҳкамлаш, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун бепул йўлланма берилди.

Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг тинчликни, Ватанни мадҳ этувчи ашулалари нуронийларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Шаҳноза Маматуропова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 060






Все о погоде - Pogoda.uz