ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Э ҳ т и р о м

Э ҳ т и р о м
14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди куни 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томoнидан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Тонг юлдузи” гезетаси бўлим муҳаррири, шоир Ахтамқули ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Жумахўжа Нусратулло Бобур ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Бобомиз ижодининг жаҳон адабиётида тутган ўрни, дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган асарлари, ғазал ва рубоийларининг ёш авлодни юртга садоқат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

– Миллий маънавий меросимизнинг улуғ намояндаси, маънавий жасорат тимсоли бўлган Бобур сўнмас иродали инсон сифатида тарихимизда ўчмас из қолдирган буюк шахс, – деди филология фанлари доктори Ж.Нусратулло. – Унинг ижодига хос ватанпарварлик, жасурлик, юксак ҳимматлилик, бошқарувда беназирлик, жангчилар кўнглига йўл топиш, адолат қилиш, одамларга фаровонлик соғиниш каби улуғ хислатлар барчамизга ўрнакдир. Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқага оид кўплаб асарлари бизга тарихимиз ҳақида батафсил маълумот беради.

Тадбирда “Бобурнома” асари мазмун-моҳияти хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

2 138
Абдулазиз МУСАЕВ, Темур МАМАДАМИНОВ (сурат), ЎзА