ЎзА Ўзбек

08.11.2018 18:14 Чоп этиш версияси

E-study портали орқали бўлажак раҳбарлар дунёнинг етакчи олимларидан илм олмоқда

Ўзбекистонда кечаётган янгиланишларга мос тарзда иш юритиш бугунги раҳбар кадрларга қўйилаётган талаблардан бири.

Аммо раҳбар нафақат замонавий фикрловчи, балки фундаментал билимларни эгаллаган, ҳатто дунё илм-фани эришаётган ютуқлардан ҳам хабардор бўлиши шарт. Бир сўз билан айтганда, инновацион раҳбарларга ҳозирги кунда талаб ошиб бормоқда. 

Бу бошқарув кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришни тақозо этади, албатта. Шу мақсадда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Бошқарув кадрларини профессионал тайёрлашнинг аввалги тизимида кадрларнинг амалий захирасини шакллантириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг муҳим масалаларини ўз ичига оладиган мақсадли дастур ишлаб чиқилмаган эди. Уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга тизимли ва комплекс ёндашилмаган ҳамда малакасини ошириш узлуксиз равишда йўлга қўйилмаган. 

Ҳудудий бошқарув органлари, энг аввало, мамлакатимиз туман ва шаҳарлари ҳокимликлари учун малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмаган. Бошқарув кадрларини ўқитиш аксарият ҳолларда ҳудуд муаммоларини ҳисобга олмасдан, амалий муаммолардан узилган ҳолда фақат ўқув аудиторияларида, жойларга чиқмасдан амалга оширилган. Бу каби хато ва камчиликларни ҳисобга олиб, бошқарув кадрларини тайёрлашга масъул – Давлат бошқаруви академиясининг иш услуби, таълим йўналиши ва сифати тубдан ўзгартирилди. 

– Фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида Академия томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди – дейди Давлат бошқаруви академияси декани Отабек Маҳкамов. – Академияда таълим жараёнига профессор-ўқитувчилар билан биргаликда 30 дан ортиқ давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги тажрибали мутахассислар жалб этилди. Қисқа муддатли курсларда 1,6 мингдан зиёд бошқарув кадрлари малака оширди. 

Масофавий таълимнинг замонавий усуллари, хусусан E-study (estudy.dba.uz) номли электрон ўқув курслари портали яратилди. 

Портал орқали Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Олий иқтисодиёт мактабининг Амалий психология институти (Россия), Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти, Сеул Миллий университети (Корея) мутахассислари билан ҳамкорликда тренинглар ва семинарлар ташкил этилмоқда. 

Академия профессор-ўқитувчилари томонидан мутлақо янги, интерфаол усулларни қўллаган ҳолда тренинг дастурлари ишлаб чиқилди. Мазкур тренинг дастурлари асосида туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари туман бўғини раҳбарлари учун ўқув-амалий семинарлар ўтказилди. Машғулотлар давомида мамлакатнинг барча ҳудудларидан 2 мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, вилоят ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари ва туман (шаҳар) ҳокимлари учун “Бошқарув маҳорати” бўйича семинар-тренинглар ўтказилди. 

Машғулотлар давомида кадрларнинг малакасини ошириш, улар билан ҳудудга хос муаммоларни жойида ҳал этиш, ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш, раҳбар фаолиятининг натижадорлигини кўтариш зарурати аниқланди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 6 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг ҳудудий филиалларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Гулистон, Қарши, Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарларида Академиянинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди. 

Ҳудудий филиаллар замонавий шароитларда бошқарув кадрларининг касбий билим ва савиясига қўйилаётган талабларни ҳисобга олган ҳолда жойларда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги раҳбар кадрларнинг малакасини оширмоқда. 

Академия ва унинг ҳудудий филиалларида жорий ўқув йилида 6 мингдан зиёд маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, шунингдек, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг бошқарув кадрлари ва масъул ходимлари малака ошириш имкониятга эга бўлди. 

Айни пайтда туман ва шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари ва қуйи бўғин раҳбарлари учун малака ошириш курслари ўтказилмоқда. 

Малака ошириш ўқув курсининг дастури Давлат бошқаруви академияси профессор-ўқитувчилари томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар таҳлили, шунингдек, хорижий мамлакатлар илғор тажрибаси асосида тайёрланган. 

Малака ошириш курслари ақлий ҳужум, кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади, коллегиал муҳокама, тақдимот каби интерфаол усулларда ташкил этиляпти. 

Ўқув машғулотлар видео-конференц алоқа орқали барча филиалларни бирлаштириб турувчи дастур орқали бошқариб турилади. Дарс машғулотлари Давлат бошқаруви академияси, ҳудудлардаги Олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ҳамда вазирлик ва идораларнинг тажрибали мутахассислари томонидан олиб борилаётир. 

Малака ошириш курсларидан муваффақиятли ўтган бошқарув кадрларига сертификатлар топширилмоқда. 


Н.Абдураимова, ЎзА
1 530